Партиядошларимиз “Билимлар куни”да қатнашдилар

05.09.2019 15:09:52

4 сентябрь куни мамлакатимизнинг барча шаҳар ва қишлоқларида бўлгани каби Наманган вилоятида ҳам “Билимлар куни” муносабати билан тантанали тадбирлар бўлиб ўтди. Умумтаълим мактабларига кенг жамоатчилик вакиллари қатори “Адолат” СДП вакиллари ҳам ташриф буюрдилар. Уларнинг аксарияти ўзлари таҳсил олган таълим муассасаларига ташриф буюрдилар ва янги ўқув йили бошланиши муносабати билан устозлар ҳамда ўқувчиларга самимий тилаклар билдирдилар.

Тадбир Наманган шаҳридаги 8-мактабда ҳам юқори савияда ва уюшқоқлик билан ўтказилди. Мазкур маскан вилоятдаги тўнғич илм даргоҳларидан ҳисобланади. Унинг ташкил этилганига салкам бир аср бўлди.

Тантанали маросимда сўзга чиққан мактаб директори Баҳодир Абдурасулов, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят кенгаши матбуот котиби Нурбек Абдуллаев, “Нуроний” жамғармаси шаҳар кенгашининг раиси Анваржон Насриддинов ва бошқалар мамлакатимизда мактаб таълимини ривожлантириш юзасидан одиб борилаётган ишлар, ўқитиш сифатини буткул янгича асосда йўлга қўйиш, педагоглар меҳнатини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш масалаларига батафсил тўхталдилар.

Бу йил мазкур мактабнинг биринчи синфларига 87 нафар ўғил-қиз қадам қўйди. Уларнинг барчасига Президент совғалари – сумка, ўқув қуроллари ва китоблар топширилди.  Мустақиллигимизни, она диёрни тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради. Шундан сўнг биринчи қўнғироқ  чалинди ва ўқувчилар  синфлари сари йўл олдилар. Устозлар раҳбарлигида “Мустақиллик дарслари”да қатнашиб, одамийлик, ҳалоллик, ватанпарварлик сабоғини олдилар.

Фарход АБДУЛЛАЕВ,

партия фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+