Партияга бўлган ишонч амалий ишларда акс этиши лозим

09.09.2020 13:09:25

Депутатлик гуруҳлари томонидан сайловчиларнинг  эхтиёжларини қай даражада  қопланаётгани,  депутатларнинг сайловчиларга берган ваъдалари устидан чиқиши  сиёсий партияларга билдирилган ишончнинг  кафолати экани ҳаммамизга маълум.

Ана шу масъулиятни шараф деб билган, ўз атрофида 6 нафар депутатни жипслаштирган халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳи аъзолари айни оғир ва синовли кунларга қарамасдан сайловчиларнинг  турмуш фаровонлигини ошириш учун ҳар қачонгидан ҳам  кучлироқ меҳнат қилишмоқда.    

Хусусан, депутатлик гуруҳи томонидан “Темир дафтар” рўйхатига киритилган оилаларга “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож кўп фарзандли оилаларга,  ногиронлиги  бўлган шахсларга ва якка-ёлғиз қарияларга ҳамда ўз даромадини йўқотган,  вақтинча ишсиз қолган фуқароларни моддий қўллаб-қувватлаш  мақсадида 22 миллион 700 минг сўмлик моддий  ёрдам кўрсатилди.

Жумладан, 55 та хонадоннинг ҳар бирига 1 бошдан, 5 та хонадонга 2 бошдан қорамол, 19 та хонадонга 1 тадан, 10 та хонадонга 2 тадан  жами 41 та қўй, 52 хонадоннинг ҳар бирига  20 тадан жами 1040 парранда, 182 та хонадонга 0,5 ва 1 сотихдан  182 та иссиқхоналар қуриб берилди.  15 та хонадон  1 тадан тикув машинаси, 11 та хонадон пишириқ пишириш учун печка билан таъминланди

Шунингдек, сайловчиларнинг мурожаатига  кўра,  вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳи раҳбари Улуғбек Қурязовнинг саъй-ҳаракатлари билан Хонқа туманидаги “Нурафшон” маҳалласидаги Нурафшон ва Ўзбекистон кўчаларининг  2 минг 115 метргача бўлган,  “Знахос” маҳалладаги Навоий кўчасининг 650 метр, “Зуҳро” кўчасининг 200 метргача бўлган  масофадаги  ички йўллар жорий таъмирланди. “Нурафшон” , “Шодлик”  маҳалласида яшовчи фуқароларнинг ушбу маҳаллалар ҳудудидан ўтувчи “Зир-ёп” каналининг тупроқ босиб қолгани боис, дала томорқаларининг ҳосилдорлигига путур етаётгани  тўғрисидаги  эътирозлари  инобатга олинди ва  депутатнинг саъй-ҳаракатлари билан каналнинг 380 метр бўлган масофаси қазиб тозалаб берилди. Шунингдек, мазкур маҳаллаларда  ичимлик суви таъминоти йўқлиги сабаб  аҳолини  кўпдан қийналиб келаётгани тўғрисидаги мурожаатлар  ҳам У.Қурязов томонидан эътиборга олинди ва тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови чиқарилиши натижасида вилоят ҳокимлигининг бюджет ҳисобидан керакли маблағ  ажратилиб, ичимлик суви муаммосини бартараф  этиш масаласи 2022 йил давлат дастурига киритилди.

Гуруҳ  аъзоси Бахтиёр Матяқубовни ҳар доим хайрли ишлар бошида учратиш мумкин.  Унинг  саъй-ҳаракатлари билан Боғот тумани  “Беш ариқ” қишлоғида  қурилиб  ишга туширилган бир қатор иссиқхоналар аҳоли дастурхонини тўкис қилишга ҳизмат қилмоқда. Депутат ташаббуси билан  йил бошида  янги  қурилиб ишга туширилган 10 гектар ер майдондаги  иссиқхона ҳам 93 нафар ишсиз фуқарони иш билан таъминлади. Энг қувонарлиси,  пандемия даврида  яна 13 нафар ишсиз қолган кишини  камбағалликдан асрашга  эришилди.  Ишчиларга ойлик маошлар узлуксиз берилиши билан бир қаторда озиқ-овқат маҳсулотлари билан ҳам таъминландилар. Депутат пандемия шароитида сайловчилари билан мулоқоти жараёнида оғир шароитдаги  3 та хонадоннинг уй-жой ва коммунал тўловларини тўлаб, уларни  озиқ-овқат маҳсулотлари билан ҳам таъминлади.  Сайловчиларнинг мурожаатига асосан, тумандаги  “Нурафшон”  шаҳарчасидан ўтувчи “Оқ-кўл” заҳкашнинг 5 км.гача бўлган  масофаси қазиб тозаланди.

Гуруҳ аъзоси Баходир Бобожановнинг саъй-ҳаракатлари билан ҳомийларни жалб қилган ҳолда  Тупроққалъа тумани  Саримой  қишлоғи, “Нукус маскани” МФЙ, “Хазорасп” МФЙ, “Тупроқ  қалъа маскани”  МФЙларида  истиқомат қилаётган ижтимоий ҳимояга мухтожлиги бор 100 та оиланинг ҳар бирига 1 миллион 733 минг сўмдан жами 173 миллион 388 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Шунингдек, фермерлик соҳасидаги ҳомийлар ёрдамида 20 дона тикув машинаси сотиб олинди ва “Тупроққалъа маскани” МФЙда  20 иш ўринга эга бўлган тикувчилик цехи   янги иш фаолиятини бошлади.

Шунингдек, депутатнинг саъй-ҳаракатлари билан фермерлар ҳисобидан Саримой қишлоғи, “Хазорасп” МФЙ, “Тупроқ қалъа маскани” МФЙларида  янги оила қурган 30 та ёш оилага 1 гектардан жами 30 гектар ер ажратиб берилди. Ёш оилаларга ҳар бир қарич ердан самарали фойда олиш сирлари тўғрисида  соҳа мутахассислари томонидан тушунчалар берилди.

Маҳалладаги  касалмандлар, ногиронлиги бор фуқаролар  депутатнинг  эътиборидан четда қолмайди.  1-гуруҳ ногирони  Рохатой Жумабоева 10 йилдирки бахтсиз ходиса сабаб фалаж бўлиб қолган. Депутат ўз ҳомийлигида  бу ночор оилага  мунтазам  саховат кўмагини аямай келмоқда.

-Ижобий ишларимиз билан бир қаторда ҳали ечимини кутаётган муаммоларимиз ҳам бор - дейди депутатлик гуруҳи раҳбари Улуғбек Қурязов – Гуруҳимиз томонидан партиянинг қатор лойиҳалари доирасида олиб борилаётган ўрганиш ишлари натижаларини ҳамда камбағалликдан чиқариш, бандлик, таълим соҳасидаги ва бошқа  муаммолар юзасидан  сессия йиғилишига  масала киритиш, мансабдор шахслар эшитуви ва каби масалаларда анча орқадамиз. Жорий йилда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш чораларини бошлаб юбордик.     

Мухтасар айтганда, замон ривожланиб, тараққиётнинг янги босқичларига дадиллик билан боришимизда халқ нойиблари бўлган депутатларимизнинг бу каби саховат амаллари, фидокорона олиб бораётган ишлари   фуқароларнинг  ҳаётларидан рози бўлиб яшашларида аҳамиятлидир.                                                                                                       

Замира АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+