Партиямизнинг 26 йиллигига бағишлаб “Адолат боғи” яратилди

19.02.2021 14:02:05

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг ташкил топганлигининг 26 йиллиги муносабати билан жойларда “Адолат ҳар бир инсон учун!” шиори остида байрам тадбирлари ўтказилмоқда. Шундай тадбирларнинг бирин ўзгача бир руҳда ўтказиш мақсадида партия Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Юридик техникуми олдидаги бўш ер майдонига «Адолат боғи» яратилди.

Янги «Адолат боғи»га турли мевали дарахт кўчатларини экишда партия ходимлари, депутатлар, партия фаоллари ва фаол ёшлар ўз ҳиссаларини қўшишди.  

Ушбу «Адолат боғи» маросимини партия Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Н.Қаипбергенов кириш сўз билан очди ва партиямизнинг 26 йиллиги билан барча партиядошларни табриклаб, кўчат экиб, боғ яратиш халқимизнинг азалий қадриятларидан бири эканлигини маълум қилиб ўтди. Шунингдек, бундай саъй-ҳаракатлардан кўзланган асосий мақсад ҳам мамлакатимиз бўйлаб амалга оширилаётган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишига яқиндан кўмаклашиш орқали халқимизга хос эзгу фазилатларни юксалтириш, уларни ёшлар қалбига сингдириш эканлигини таъкидлади.

Партия ташаббуси билан республика бўйлаб ўтказилиши режалаштирилаётган мевали ва манзарали дарахт экиш тадбирлари дастлаб таълим соҳасидан бошланиши ҳам бежис эмас. Сабаби ушбу ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларига ёшларнинг кенг жалб этилиши, ёш авлод қалбида табиатга меҳр-муҳаббат туйғусининг янада кучайишига хизмат қилиши шубҳасиз.

Бу «Адолат боғи» теварак-атрофга кўрк улашиши баробарида, ҳаво мусаффолигини таъминлаб, дастурхонимизни ширин-шарбат мевалар билан тўлдиришига ишонамиз.

Бир сўз билан айтганда, партия жамоаси юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик, яратувчилик, ободонлаштириш ишларида фаол иштирок этиб, Ватанимиз ободлиги, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшмоқда. Партиямизнинг 26 йиллигига «Адолат боғи» ушбу ердаги бошланғич партия ташкилоти учун ҳақиқий совға бўлди.

Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирлари партиянинг барча ташкилотлари томонидан изчиллик билан давом эттирилиши назарда тутилган.

 

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+