Пленум танқидий ва таҳлилий руҳда ўтди

29.01.2024 16:01:46

   Термиз шаҳридаги вилоят Касаба уюшмалари мажлислар залида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сурхондарё вилоят Кенгашининг XVIII пленуми ўтказилди. Унда партия Сурхондарё вилоят Кенгаши, партиянинг туман (шаҳар) Кенгаши ходимлари, депутатлар, партия фаоллари иштирок этди.
   Пленумда Ўзбекистон “Адолат” СДП 2023 йилдаги фаолияти ва «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Президент Фармони, “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури, партиянинг 2023 йилга мўлжалланган Йўл харитаси ҳамда “Адолат – ҳар бир инсон учун” сайловолди Дастурида белгиланган устувор вазифаларнинг амалдаги ижроси ҳисоботи, Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича Сурхондарё вилояти Кенгашининг 2023 йилдаги фаолияти ва 2024 йилда амалга ошириладиган ишлар юзасидан ҳисоботи ҳамда партия фаолиятига доир бошқа масалалар муҳокама қилинди.


   Кун тартибидаги биринчи масала бўйича партия Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси Рустам Ҳамраевнинг маърузаси тингланди. Маърузада 2023 йилда амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар, шу билан бир қаторда йўл қўйилган камчиликлар, ўтган йилдаги фаолиятнинг асосий йўналишлари хусусида тўхталиб ўтилди.


   Пленумда сўзга чиққанлар томонидан партия вилоят Кенгаши ўтган 2023 йилда ўз фаолиятини партиянинг Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ишлаб чиқилган “Йўл харита”сига мувофиқ олиб борилганлигини таъкидлаб ўтишди. Шу билан бирга, партия аъзолари сафини кенгайтириш, бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини кучайтириш, кадрлар захирасини мустаҳкамлаш, аъзолик бадаллари тушумини тизимли йўлга қўйиш ва тўлиқ таъминлаш, партия фаолларининг сиёсий билимлари ва фаоллигини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.


   Айтиш жоизки, ҳисобот даврида партия аъзолари сони 6440 нафарга кўпайиб, умумий аъзолар сони 56307 нафарни, бошланғич партия ташкилотлари сони эса 40 тага ўсиб, 503 тани ташкил қилди.


   Халқ билан юзма-юз мулоқот ўрнатиш мақсадида партиянинг “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида барча даражадаги депутатлик корпуслари иштирокида жойларга қонунларнинг етиб бориши ва уларнинг ижросини ўрганиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш чораларини кўриш бўйича тегишли давлат органларига таклифлар киритиш орқали қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган амалий ишлар белгиланди. Партиянинг барча туман, шаҳар Кенгашларида партия фаоллари ва депутатлардан иборат ишчи гуруҳлари тузилиб, ҳар ҳафтанинг чоршанба кунлари мунтазам равишда жойларда “маҳаллабай” ва “фуқаробай” тарзда халқ билан юзма-юз мулоқотлар ўрнатилди.


   2023 йилнинг январь ойида партиянинг барча туман (шаҳар) Кенгашларидан партия аъзоларининг, фаолларининг ҳамда хайрихоҳларининг “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасидаги моддаларга таклифлар олиш мақсадида “Конституциявий ислоҳотларда ёшларнинг ўрни” мавзусида 100 дан ортиқ давра суҳбатлари, семинарлар ташкил этилиб, мазкур тадбир натижасида партия фаолларидан 500 дан ортиқ таклифлар умумлаштириб берилди.


   1 июнь “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” муносабати билан “Бор меҳримиз сенга, болажон!» шиори остида беғараз донорлик акцияси ўтказилди. Донорлик акциясига тайёргарлик кўриш жараёнида вилоятнинг 8та ташкилотлар ва идораларига донорликка чорлов хатлари юборилди. ОАВ ва ижтимоий тармоқларга эълонлар жойлаштирилди.


    Акция давомида вилоятнинг барча ҳудудларидан 300 кўнгиллилар қатнашиб, 236 нафари донор сифатида қон топширди ва 47 литр 200 грамм қон йиғилди. Ушбу йиғилган қонлар 8178 нафар болажонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун ишлатилди.
Мазкур ташкил донорлик акцияси оммавий ахборот воситалари орқали 8 маротаба, ижтимоий тармоқларда 16 маротаба ёритилишига эришилди.


   Партиянинг “Адолатчи аёллар бонг уради” рукни орқали партия веб-сайти, расмий газетаси ҳамда расмий ОАВларида партия фаолларининг муносабатларини ёритиш бўйича ишлаб чиқилган Медиа-режа асосида жами 71 та мақола, муносабатлар ёритилди.
Шунингдек, “Бир ойда – бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида жами 76 нафар хотин-қизлар ва ёшлар иш билан таъминланди. 9 нафар хотин-қизларга кредит олишларига амалий ёрдам кўрсатилди, 30 нафар хотин-қизлар ва ёшларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
   Яна шунингдек, “Бир адолатчи – юз аёлга ҳимоячи” лойиҳаси доирасида хотин-қизларни турли хил тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоялаш мақсадида “Аёлларни зўравонликлардан ҳимоялаймиз”, “Аёл ҳуқуқларини таъминлаш — тенглик тамойилининг муҳим омили” каби мавзуларда жами 75 марта учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этилиб, 3 478 нафар хотин-қизлар билан суҳбатлар олиб борилди. Суҳбатлар давомида тадбирларга жалб қилинган 1 624 минг нафардан ортиқ хотин-қизларга “Ҳимоя ордери”ни бериш тартиблари тушунтирилди ва 46 нафар зўравонликка учраган аёлларга “Ҳимоя ордери” олиб беришга эришилди.
    Пленум ишида ана шулар ҳақида таъкидлаб ўтилиб, 2023 йил давомида партиянинг баъзи туман Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари сессиялар ва доимий комиссияларга бирорта масала ёки таклиф кирита олмаганлиги пленумда кескин танқид қилинди. Шу билан бирга, аксарият туман кенгашларининг тегишли масалалар юзасидан мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари эшитиш ёки депутатлик сўровлари чиқаришдаги фаолияти ҳам етарли даражада эмаслиги қайд этилди.
   Йиғилишда сўз олган депутатлар олдимиздаги муҳим жараёнлар, яъни 2024 йилги сайловлар даврида партиямизни сайлов компанияси жараёнларида юқори натижаларни қўлга киритиш бўйича ўзларининг таклиф ва мулоҳазаларини киритишди.
   Пленум ишида билдирилган таклиф ва тавсияларни инобатга олган ҳолда, муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Гулшод Турсоатова,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+