Пленумда биринчи ярим йилликдаги фаолият таҳлил этилди

20.08.2020 15:08:25

Жорий йилнинг 20 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг навбатдаги – IV Пленуми бўлиб ўтди. Пленумда пандемия шароитида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг 2020 йилнинг 1-ярим йилликдаги ижроси ва 2020 йилнинг 2-ярим йиллигидаги устувор вазифалари тўғрисидаги масала муҳокама этилди.

Унда партия Сиёсий Кенгаши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, ҳудудий партия кенгашлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари раҳбарлари, партия экспертлари, фаоллар, ОАВ вакиллари иштирок этди.

Онлайн тарзда бўлиб ўтган йиғилишда партиянинг барча даражадаги тузилмалари ва депутатлик корпуси томонидан 2020 йилда амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар баробарида йўл қўйилган камчиликлар танқидий таҳлил қилиниб, 2020 йил якунига қадар мўлжалланган устувор мақсад-вазифалар ҳамда партия фаолиятига доир бошқа масалалар муҳокама қилинди.

Пленум кун тартибидаги асосий масала юзасидан Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Наримон Умаровнинг ахбороти тингланди.

Партия етакчиси эътироф этганидек, пандемия шароитида давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан барча соҳаларда бажарилган ишлар диққатга сазовордир. Президентимиз томонидан пандемия хавфи бошланган илк кунларданоқ аҳоли саломатлигини таъминлаш, мамлакат иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш мақсадида кўплаб видеоселектор йиғилишлари ўтказилди. Шу билан бирга 10 дан ортиқ норматив-ҳужжатлар имзоланди. Уларда халқимизнинг ҳар бир вакилини эътибордан четда қолмаслиги, энг чекка ҳудуддаги тадбиркорга тиргак бўлиш каби вазифалар асосий ғояга айлангани қайд этилди. Вазифалар ижросини ташкил этиш мақсадида янги очилган шифохоналар, беморларни қабул қилиш пунктлари, олиб келинган анжомлар, аҳолига тарқатилган моддий ва озиқ-овқат шаклидаги ёрдамлар, хориждаги ватандошларни олиб келиш учун чартер рейслар ташкил этилганини аҳолимизнинг ўзи гувоҳи бўлди. Энг асосийси ушбу жараёнларни кўриб ислоҳотларга, эртанги кунга, давлатга бўлган ишончи ортди.

Ўз вақтида берилган қатъий топшириқлар ижроси таъминланиши натижасида тезкорлик билан қатор масалалар ечилди. Жумладан, касалланганлар учун шифохона топиш муаммо бўлаётгани, жой йўқлиги сабабли беморнинг у ердан бу ерга сарсон қилиш каби ҳолатларни бартараф этиш мақсадида 50 мингдан ортиқ қўшимча ўринлар ташкил этилди. Тез ёрдам хизматига янги 400 та хизмат машинаси харид қилинди ва қўнғироқларга 10 сония ичида жавоб берадиган тизим ишга туширилди. Шу билан бирга коранавирусни даволаш стратегияси ва тактикаси тубдан янгиланди. Ҳар бир ҳудудда зарурий дори воситаларининг 3 ойлик захиралари яратилди, касалликни енгил формасидаги уйда даволанаётганларга бепул дори воситалари билан таъминлаш мақсадида 50 мингта тўплам шакллантирилди, аҳолига хизмат кўрсатувчи тезкор гуруҳлар сони оширилди.

Бундан ташқари зарурий тиббий воситалар ва техникалар олиб кириш учун тезкорлик билан бир қатор божхона имтиёзлари жорий этилди. Бунинг натижасида куни кеча Хитой Халқ Республикасидан 1300 та кислород концентратори, 20 та ПЗР синов аппарати ва дори-дармон воситалари олиб келинди. Қўшимча равишда 14 мингта врач ва ҳамширалар ишга жалб қилинди. Уларнинг фидокорона меҳнатларини ўз вақтида ва муносиб рағбатлантириш тизими йўлга қўйилди.

Партиянинг “Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида 797 нафар фуқаролар иш билан таъминланди. Шундан 332 нафарини ёшлар, 447 нафарини аёллар ташкил этади. 27 нафар ёшга кредит олишига кўмаклашилди.

“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати бўйича кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилаларнинг 15 минг нафарига партия депутатлари ва кўнгилли ҳомийлар томонидан зарурий озиқ-овқат ва тиббиёт маҳсулотлари етказиб берилди. Кўрсатилган ҳомийлик жами 1 миллиард 500 миллион сўмдан ортиқни ташкил қилди.

Шу билан бирга, “Адолат” СДП ва фракция депутатлари томонидан “Сардоба” сув омборида рўй берган техноген офатдан жабрланганларга хайрия акциялари доирасида бир ярим мингдан ортиқ фуқароларга кийим-кечаклар, бир мингдан ортиқ уй-рўзғор буюмлари, идиш-товоқлар ва болажонлар учун ўйинчоқлардан жами 500 миллион сўмлик маҳсулотлар етказилди. 300 га яқин фуқаролар томонидан акция доирасида очилган пластик картага 28 миллион сўм маблағ туширилди.

Эътироф этилганидек, жорий йилнинг 15 март кунидан коронавирус пандемияси мамлакатимизнинг барча соҳалари қатори сиёсий партиялар фаолиятига ҳам таъсир этмасдан қолмади. Карантин шароити туфайли фаолиятда бир қатор ўзгаришлар бўлди. Жумладан, тадбир, семинар, давра суҳбатлари вебинар усулида ўтказилди. Фуқаролар мурожаатлари ёзма ва электрон шаклда қабул қилинди. Уйма уй юриш ва аҳоли билан юзма-юз кўришишга қаратилган лойиҳалар карантин сабабли ишсиз ва даромадсиз қолган фуқароларга ёрдам бериш учун санитария талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ташкил этилди, мурожаатлар партиянинг ишонч телефонлари ва электрон почталар орқали қабул қилинмоқда. Асосийси, партия фаолиятида замонавий технологиялардан фойдаланиш улуши кескин ошди.

Бундан ташқари Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини яратиш ва ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи ваколатли давлат органини ташкил қилиш борасида тегишли таклифлар ишлаб чиқилиб, партиянинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси орқали тегишли муассасаларга тақдим этилди. Натижада мазкур таклиф Ҳаракатлар стратегиясининг “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида ўз аксини топди. Шунингдек, Президент томонидан “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ва “Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарорлари қабул қилинди.

Депутатлик гуруҳлари томонидан маҳаллий Кенгашларда кўриб чиқиш учун доимий комиссияларга 183 та масалалар ва маҳаллий Кенгаш сессияларига эса 79 та масала киритилди. 398 маротаба мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари эшитилди. Натижада сессия ва доимий комиссияга киритилган масалалардан келиб чиқиб, аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш юзасидан масъул мансабдор шахсларга аниқ топшириқлар берилди ҳамда Кенгаш томонидан қарорлар ижроси назоратга олиниши белгиланди.

Пленумда партия фаолиятига оид бошқа муҳим масалалар ҳам кўриб чиқилди. 

Муҳокама этилган барча масалалар юзасидан партия Сиёсий Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

 

“Адолат” СДП Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+