Президентимиз ташрифи тараққиёт йўлимизга яна бир қадам бўлди

08.10.2020 13:10:24

Юртбошимизнинг диёримизга қилган ҳар галги сафари қорақалпоғистонликлар учун катта  кувонч ва имкониятларга  сабаб бўлади десам, ҳеч муболаға бўлмайди. Куни кеча Президентимиз Шавкат Миромонович  Қорақалпоғистонга ташриф буюриб, бу ерда  амалга оширилаётган ишлар билан танишдилар. Сафари давомида Нукус шаҳрида жойлашган  Опера ва бахшичилик  мактаб-интернатини бориб кўрди. Ўз сўзларида   ҳар бир халқнинг юксалишида маданиятнинг ўрни беқиёс эканлиги, мамлакатимизда ижод, истеъдод аҳлини қўллашимиз зарурлиги, улар учун керакли шароитларни яратиб беришимиз лозимлигини уқтириб ўтдилар.

Қорақалпоғистонликларнинг санъатига қойил  қолмай иложинг йўқ, бахшилар  хониш  қилганда узоқ  тарихимиз, ўзлигимиз, оналаримиз алласи янграгандай бўлади, дея таърифладилар.  Ҳақиқатан ҳам ҳар бир элнинг миллатни миллат, халқни халқдек дунёга танитган илм намоёндалари бўлади.  Бизнинг куч-қудратларимиз ана шулардир. Қорақалпоғистонда Бўзатов туманининг  ташкил қилиниши ва у ерда яратилаётган имкониятлардан бўзатовлик ватандошларимиз  элимизга Ажиниёз бобомиз руҳлари қайтиб келгандек бўлди дея таъсирланиб айтишди.  Шавкат Мирзиёев Республикамиздаги барча шаҳар ва туманлар  хусусида гапириб, Бўзатовнинг ўзига хос иқлими, табиати тўғрисида тўхталар экан, бу гўшани янада обод қилиш мақсадида арзон ва қулай уй-жойлар қурилиши  бўйича алоҳида тўхталдилар. Бу жойлар амалдаги арзон жойларданда арзон бўлиши, бу ерга халқни кўпроқ кўчириб олиб келиш, бундай гўшада ёш ижодкорларимизнинг  мушоираларини ўтказиш, Қорақалпоғистонда келгусида “Ёшлар фестивали”ни ўтказиш таклифи ёшларимиз кўнглидаги муддао бўлди.

Янги Ўзбекистон-янги Қорақалпоғистон десак, ҳар бир  элдошимиз буни ўзича талқин қилишади. Масалан, Мўйноқлик депутат Бибихон Утамбетова янги Қорақалпоғистон, янги Мўноқ дея таьриф бердилар. Қуш учса қаноти,одам юрса оёғи куядиган жойларда ҳаёт янгидан бошланди.  Олдинлари  биз мўйноқликлар фарзандларимизнинг тўйларини қаерда ўтказамиз экан деб ўйлаб юрар эдик. Энди эса қайси тўйхонада ўтказсак экан, деб ўйланиб қоламиз. Бугун биз шундайлигича қолди деган юртимизда аэропорт қурилди, фабрика ишга тушди. Болаларимиз учун оромгоҳлар  қурилди. Мўйноқ туманига ҳаёт қайтадан қайтди.   

Дарҳақиқат, юртбошимизнинг бу галги ташрифи ҳам республикамизда 10 та устувор  ислоҳотларни  амалга оширишга қаратилган бўлиб, ҳар бир ҳудуднинг ўзига  хос шарт-шароитлари, муаммолари билан боғлиқдир.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари  саккизинчи сессиясида  Президентимиз Ш.Мирзиёев мамлакатимизда таълим сифатини юксалтириш,  ўқитувчиларимизга устоз деган мақомни бериш, бешинчи устун қилиб  кўрсатилган ота ва она масъулиятини ошириш, тиббиётимиз соҳасидаги камчиликларни  бартараф этиш, айниқса коронавирус пандемияси даврида аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, мактабгача таьлим соҳасида, йўл қурилиши бораларида амалга ошириладиган бунёдкорлик ишлари тўғрисида алоҳида тўхталдилар.

Жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг олдини олиш, оғир ижтимоий шароитдаги аёллар, оилалар билан ишлаш, айниқса, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” га кирган шахслар билан  жиддий ва манзилли  иш олиб боришимиз зарурлиги, келгусида камбағалликни тугатиш борасида  алоҳида тўхталдилар.

Туризм соҳасини ривожлантириш борасида бизда имкониятлар мавжудлиги келгусида бу соҳани янада юксалтириш, қишлоқ хўжалиги соҳасида боғдорчилик-мевачиликни ривожлантириш, шунингдек Орол  муаммосининг салбий таьсирини юмшатиш  бўйича  масалалар белгиланди.

Шунингдек, сессия кун тартибига қўйилган ташкилий масала юзасидан   ўз фикрларини билдирар эканлар Муса Тажеддиновичнинг   Қорақалпоғистон тараққиёти йўлида қилган ишлари,  у инсоннинг ибратли ҳаёти ва фаолияти ҳақида тўхталиб, марҳумнинг яқинларига  ҳамдард эканликларини, шунингдек  отахон сенаторимиз, сўз устаси, фаҳрий журналист Шароп Уснатдинов ва бир қатор марҳумларни ёдга олиб, уларнинг яқинларига  ҳамдардлик билдирдилар. Бугун ҳар биримиз фаол бўлишимиз, шундай қийин вазиятда халқимизга мадад, ўзимиз эса огоҳ, хушёр ва албатта турли офатларидан эҳтиёт бўлшимиз зарурлигини  уқтирдилар.

Биз депутатлар ҳам ана шундай қийин вазиятда  замондошларимизга елкадошмиз, юртбошимизга хос олийжаноблик, ватанпарварлик, бунёдкорлик  ва ҳалоллик ҳар биримизга йўлдош бўлсин! Янги Ўзбекистон-Янги Қорақалпоғистонда марраларни  баланд олайлик!

Ўрингул ОЛЛАБЕРГАНОВА,

Қорақалпоғистон Республикаси

Жўқорғи Кенгесидаги партия фракция аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+