Қадри баланд айём бу!

10.04.2024 10:04:06

Шиддат билан ўтиб бораётган ҳафталаримиз, ойларимиз силсиласида айрича шукуҳи, фазлу марҳамати ила ажралиб турадиган кунларимиз бор. Шубҳасиз, улуғ айёмимиз бўлмиш Рамазон ҳайити шундайин саодатманд кунларимиздан биридир.
Азиз ва муҳтарам юртдошлар, қадрли партиядошлар, бугун катта байрам, Ийди Рамазон айёми. Рамазон ҳайитининг халқимиз маънавий ҳаётидаги улкан ўрни, жамиятимизда шукроналик, меҳр-оқибат, мурувват, инсонпарварлик, савобталаблик каби бебаҳо инсоний фазилатларни қарор топтиришдаги аҳамияти ҳақида эса ҳар қанча гапирсак арзийди. Зеро, айнан шу куни ота-оналар, дўсту биродарлар, хеш-уруғлар, табаррук ёшдаги кексалар зиёрат қилинади, беморларнинг ҳолидан хабар олинади, меҳру мурувватга муҳтож кишиларга эътибор кўрсатилиб, уларга байрам қувончи улашилади.

Ҳайитга сўз ва кўз озодалиги, тил ва дил поклиги байрами дея таъриф берган ҳазрат Алишер Навоийнинг машҳур байти айнан шу кун учун битилгандай:

Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,

Онча борким, Каъба вайрон бўлса обод айлагай...

Ёинки Ҳадиси шарифда битилган ҳикматни ёд этайлик: “Амалларнинг энг афзали мўмин кишининг қалбига хурсандчилик улашишдир”.

Ҳайит хурсандчилик, яхши кайфият ва эзгу, савобли ишлар, тинчлик-тотувлик, биродарлик тантанаси сифатида биз учун алоҳида қадрли байрам. Назаримда, айниқса, бугун, дунё “киприкдаги ёш томчисидай” титрабгина турган, давлатлар ўртасидаги муносабатларда чигалликлар авж олиб, баҳслар муҳораба майдонларига кўчган синовли паллаларда бундай умуминсоний айёмларнинг қадри минг чандон ошаётгандай.

Зеро, ҳассос шоиримиз Абдулла Орипов айтганидек:

Ҳайит кунларида жанглар ҳам тўхтаб,

Қиличлар қинига қайтиб киргувси...

Шундай бўлсин. Ҳайит айёми дунёнинг энг қиммат бойлиги бўлган тинчликнинг, мусаффо осмоннинг қадрига етишга ундаб тургандай бизни.

Куни кеча муҳтарам Президентимизнинг “Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Қарорда, жумладан, шундай дейилади: “Раҳмат ва мағфират нурлари ёғиладиган ушбу саодатли кунларда кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар, ногиронлиги бўлган шахсларга моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилаётгани, барча ҳудудларимизда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида эҳсон дастурхонлари ёзилиб, эл-юртимизнинг тинчлиги, бахти ва келажаги учун дуойи фотиҳалар қилинаётгани бу ойнинг файзу тароватини янада оширмоқда.

Ҳеч шубҳасиз, бундай савобли ва олийжаноб ишлар ер юзидаги барча инсонларни доимо дўст ва биродар бўлиб яшашга даъват этадиган муқаддас ислом динимизнинг эзгу ғояларини чуқур ҳис этган ҳолда, мамлакатимиздаги тинчлик ва барқарорликни, турли миллат ва конфессиялар ўртасидаги тотувликни мустаҳкамлашга, бугунги ёруғ ҳаётимизнинг қадрига етиб, уни янада обод ва фаровон этишга хизмат қилмоқда”.

Демак, муборак Рамазон ҳайити кунларида янада яққол намоён бўладиган ана шундай анъана ва қадриятларимизни асраб-авайлаш ҳамда кенг тарғиб этиш бизнинг бош вазифаларимиздан бири бўлиб қолмоғи лозим. Зеро, асло унутмайликки, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳоту ютуқлар, инсонпарвар сиёсат, инсон қадри улуғланиши – буларнинг бариси тинчлик ва хотиржамлик неъматларининг ҳосилаларидир. Бундай неъматлар учун шукроналар айтайлик, уларнинг қадрига етайлик.

Ийдул фитр кечиримлилик байрами ҳамдир. Халқимизга хос бўлган бу фазилат ҳамиша ва ҳар жойда намоён бўлиб келган.

Рамазон ҳайити муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёев жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 426 нафар шахсни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Демак, шу кунлари юзлаб оилаларда қувонч кўз ёшлари, ҳаяжон...

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг кўпмингсонли аъзолари номидан барчаларингизни Рамазон ҳайити билан самимий муборакбод этамиз! Яна бир бор улуғ шоиримиз Абдулла Ориповнинг ҳикматли сўзлари билан айтганимизда, ўтар ҳар лаҳзамиз бир ҳайит бўлсин! Жаннатмонанд Ватанимиз ҳамиша обод, ҳаётимиз эса тинчлик-хотиржамлик ва фаровонликда кечсин!

Робахон МАХМУДОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+