Қадриятлар улуғланган юрт

24.04.2024 12:04:45

Халқимизнинг минг асрлик ўтмиши, қадриятлари ва миллий маданиятини акс эттирувчи миллий либосларимиз бутун миллатнинг маънавий қиёфасини ўзида намоён этади, десак муболаға бўлмайди. Мамлакатимизда миллий либослар тарғиботини кучайтириш, ёш авлод онгига миллат руҳиятини сингдириш, улар ҳаётига ўзбекона менталитет меъёрларини олиб кириш ҳамда миллий либосларга меҳр уйғотиш мақсадида турли хил миллий либослар фестивали ва шу кўринишдаги тадбирларнинг ташкил этилаётганлиги ҳам бежиз эмас.

Фарғона Политехника институти «Енгил саноат ва тўқимачилик факультети» ва «Адолат» социал демократик партияси Фарғона вилояти Кенгаши ҳамкорлигида «Хон атлас куни» муносабати билан «Креатив эскиз» мавзусида фан олимпиадаси ташкил этилди. Мазкур тадбирда Фарғона политехника институти ва Наманган тўқимачилик институти талабалари ва шаҳардаги мактаб ўқувчилари иштирок этдилар. Тадбирда сўз олган институтнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Шерзод Деҳқонов ва факультет декани Иқболжон Тошпўлатов тадбир иштирокчиларини Хон атлас байрами билан муборакбод этиб, миллий либосларимизнинг тарихи ва жозибадорлигини ҳақида сўз юритдилар. Хон атлас матосидан бугунги кун талаби асосида замонавий моделларини яратиш таклифининг илгари сурилганлиги йиғилганлар эътирофига сазовор бўлди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон «Адолат» социал демократик партияси Фарғона вилоят Кенгаши билан институт ўртасида меморандум имзоланди ҳамда «Ёш адолатчилар» клуби ташкил этилди.

Тадбирда иқтидорли талабалар томонидан миллий модалар намойиши ташкил этилди. Ўзига хос миллий либослар коллекцияси тадбир қатнашчиларига ўзгача кайфият ва миллий завқ бахш эта олди, десак адашмаймиз. Хон атласларнинг нақшинкор товланиши ҳар бир иштирокчи қалбидан чуқур жой олди.

20 нафар энг иқтидорли талабалар ўртасида « Креатив эскиз» мавзусидаги фан олимпиадаси ҳам ташкил этилди. Унда иштирокчилар миллий ҳамда замонавий мода эскизлари орқали иштирок этдилар. «Энг яхши аёллар эскизи», «Энг яхши эркаклар эскизи», «Энг яхши болалар эскизи» номинациялари бўйича ғолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Одинахон Абдусамадова
Фарғона давлат университети талабаси,
«Адолат» СДП Фарғона вилояти Кенгаши матбуот хизмати
қошидаги Медиа гуруҳи аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+