Қашқадарёда илк ўлим ҳолати тегишли сабоқ чиқаришга ундади

16.07.2020 18:07:13

Дунё халқларини ташвишга солаётган коронавирус пандемияси юртимизга ҳам жуда тез тарқалаяпти. Очиқ эътироф этишимиз керак, бугун бу бало олдида ҳатто дунё тиббиёти ожизлик қилмоқда. Ўзбекистонда бу хатарни бартараф этиш учун барча зарур чоралар кўрилаяпти. Давлатимиз раҳбари томонидан 2020 йил 8 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам бу офатни бартараф этиш учун ҳар бир фуқаро ўзини-ўзи ҳимоя қилиши, карантин қоидаларига сўзсиз риоя этиши лозимлиги алоҳида уқтирилди.

Албатта? давлатимиз томонидан кўрилаётган бундай чоралар инфекциянинг тарқалишини жиловлашга қаратилган. Аммо давлатимиз бу офатни даф этиш учун қатъий кураш олиб боргани билан, аҳоли шифокорлар тавсиясига риоя қилмаса, карантин қоидаларини четлаб ўтса барча ҳаракатлар беҳуда кетаверади.

Масалан, воҳамиз дастлаб “яшил” ҳудуд сифатида эътироф этилган эди. Бир қатор савдо шаҳобчалари, ижтимоий объектлар, транспорт қурилиш ва халқ хўжалигининг бошқа соҳалари бир маромда фаолият юритиб турган эди. Афсуски, кўпчилик карантин қоидаларига риоя этмади. Турли йўналишларда қатновчи таксилар 3 ўрнига 4 нафар йўловчи, автобуслар эса тирбанд одам билан қатновни йўлга қўйди. Бозорларда савдо шаҳобчаларида аҳоли 2 метр масофани сақламади. Энг ачинарли томони шундаки, тўйлар белгиланган тартиб-қоидаларга асосан 30 киши ўрнига 100-150 ҳатто 200 кишига етди. Баъзи ҳудудларда ундан ҳам ошди. Тўйга кимдир эрталаб соат 6.00 да, яна кимдир 7.00 да, бошқаси 8.00 да, яна кимдир 9.00 да айтилди. Хуллас, тўйхонага куни бўйи одамлар ташриф буюрди. Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Биз кимни алдаяпмиз ўзи? Коронавирус инфекцияси тарқалишига ўзимиз шароит яратиб, ҳалқимизнинг нобуд бўлишини таъминлаб бермаяпмизми? Аҳир, маҳалла раислари, фаоллари, ички ишлар вакиллари қаёққа қараяпти, ўзи? Тўйларни 30 кишилик қилиб, камчиқим ўтказиб, ортиб қолган маблағга ҳар бир ота-она келин-куёвга уй-жойлари учун сифатли гиламлар, телевизор, совутгич, кир ювиш машинаси, компьютер жиҳозлари ва бошқа уй-рўзғор буюмлари совға қилишса фойдали эмасми? Тадбиркорлик фаолиятига кўмак беришса, яна ҳам яхши.

Очиғи, коронавирус инфекциясини юқтирган вилоятимиздаги беморлар орасида биринчи ўлим ҳолати қайд этилди. Агар карантин қоидаларига риоя этилмаса, бундай кўнгилсиз ҳолат яна такрорланавериш хавфи бор. Юртдошларимиз коронавирус инфекцияси олдида жон таслим қилаверади. Бу бор ҳақиқат.

Республикамизнинг барча ҳудудларида эса 1-августгача карантин жорий қилинди. Бироқ, айрим фуқароларимиз ҳали-хануз ўзини-ўзи асрашга, ҳаракат қилмаяпти. Бозорларда, жамоат жойларида ниқоб тақмасдан юраётган юртдошларимиз учраб турибди.

Бир сўз билан айтганда, давлатимиз томонидан қилинаётган барча ишлардан мақсад пандемия шароитида карантин қоидаларига тўлиқ амал қилиб, барча ватандошларимизни бу балодан асрашга қаратилган. Қадрли юртдошлар! Ҳар биримиз соғлом турмуш тарзига риоя этайлик. Ортиқча ваҳимага берилмайлик. Тартиб, интизомли, сабр-қаноатли бўлайлик. Фақат шу йўл билангина коронавирус пандемиясини енгиб ўтамиз. Буни унутмайлик.

 

Руйиддин РАУПОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+