“Қичқириқ”да қолиб кетган муаммолар

26.08.2020 17:08:56

 

Пойтахтимиздаги Олмазор туман “Қичқириқ” маҳалласининг тумандаги аҳамияти юқори. Бироқ баъзи масъулларнинг ўзбошимча ишлари маҳалла аҳлининг кескин норозилигига сабаб бўлаётир. Жорий ҳолати бўйича анча таъмирга мухтож бўлган кўп қаватли уйларнинг атрофига болалар майдончалари, автотураргоҳлар ўрнатилмаган. 65 та кўп қаватли уйдан ярми ана шундай аҳволда. 2018 йил уйларнинг олд қисми Президент ташрифи муносабати билан озгина тартибга келтирилганди. “Саҳна орти” эса ўз ҳолича қолиб кетди. Боз устига туман ҳокимлиги мутасаддилари келиб ушбу ерга қўшимча 7 қаватли уйларни қуришмоқчи экан. Геодезия хулосаси  олинмасдан режалаштирилаётган уйларнинг қурилишига эса маҳалла аҳли тиш-тирноғи билан қарши.

Сабаби кўп қаватли уйлар ва ён-атрофдаги майдон “Қичқириқ” анҳори бўйида жойлашган. Шундоқ ҳам зах туфайли 4 қаватли уйнинг аҳволи ачинарли тарзда турибди. Шунингдек, уйлар қурилиши зичликни кучайтириб юборади. Бу масала бўйича маҳалладагиларнинг мурожаат қилиб бормаган ташкилоти қолмади ҳисоб. Тошкент шаҳар ҳокимиги, Прокуратура, Президент Девонхонаси, Адлия шулар жумласидандир. Булардан натижа чиқмагач, Ўзбекистон “Адолат” СДП Олмазор туман Кенгашига мурожаат қилишди. Партия Олмазор туман Кенгаши Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Луиза Хикматова ҳамда туман Кенгаши депутати Феруза Абиджановалар билан ҳамкорликда муаммо жойига бориб ўрганиш ўтказди. Аниқланган маълумотларга кўра, чиндан ҳам масала чигаллиги ойдинлашди.

Бугунги кунда депутатлар мазкур масалани  навбатдаги сессияга олиб кириш пайида. Туман ҳокимлигининг Қурилиш ишлари бўйича ўринбосари ҳисоботи натижалари бўйича муаммо ижобий тарафга ҳал этилиши кўзда тутилмоқда.

Натижалар билан кейинги мақолаларда батафсил таништириб борамиз. 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+