Қиш озуқанг соз бўлса, машақатинг оз бўлур

05.11.2020 18:11:51

Мамлакатимизда халқимиз фаровонлиги, ҳар бир инсоннинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун кенг имкониятлар яратиш бугун долзарб вазифага айланган.

Давлатимиз раҳбари раислигида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида мана шу вазифа устуворлик касб этди.

Ҳақиқатан ҳам деҳқон-фермерларимиз ёзи буйи пешона тери эвазига етиштирилган қишлоқ хўжалиги ва бошқа маҳсулотларни қишга ғамлаш, нес-нобуд қилмасдан асраш чораларини кўриш, ҳар қандай ов-ҳаво шароитида ҳам қишдан муаммосиз чиқишнинг асосий омилларидан бири.

Бозорларимизда озиқ-овқат маҳсулотлари арзон ва етарли бўлса, халқимиз рози, фарзандларимиз баркамол бўлади.

Лекин, ушбу вазифаларни амалга ошириш ўз-ўзидан бўлмайди.

Сўнгги 3 йил ичида озиқ-овқат, чорвачилик, мева-сабзавотчилик ва қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқларини ривожлантириш учун ажратилаётган кредит маблағлари ва қатор лойиҳаларнинг кўлами ҳам, кўрсаткичи ҳам кичкина эмас.

Мамлакатимизда аҳоли сифатли гўшт-сут маҳсулотлари билан таъминлаш кўламини кенгайтириш бўйича чорвачилик йўналишида 11 триллион сўмлик лойиҳалар амалга оширилганлиги сўзимиз исботи.

Давлатимиз раҳбари ушбу йиғилишда ҳар бир вилоят, туман ва шаҳар ҳокимида ҳудуд аҳолисининг кейинги йил майгача гўшт, тухум, ун, ёғ, шакар, гуруч, картошка, сабзи ва пиёзга бўлган эҳтиёжи, бу маҳсулотларни қачон, қаердан олиш бўйича аниқ ҳисоб-китоб бўлиши кераклигини алоҳида таъкидлаган эди.

Ҳар бир ҳудудда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича алоҳида жамғармалар ташкил этиш, раҳбарлар тадбиркорларни жалб этган ҳолда, етишмайдиган асосий озиқ-овқат маҳсулотларини жамғарма ҳисобидан бошқа жойдан олиб келиш ёки импорт қилишни йўлга қуйиш ва бундай тадбиркорлар учун кредит фоизининг бир қисми Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан қоплаб бериш буйича берилган топшириқларни бугун ҳар бир ҳудуд ижросини сифатли таъминлашга эътибор қаратмоқда.

Муҳтарам Президентимизнинг жорий йил 3-июль кунги ПҚ-4776 сонли «Қорақалпоғистон Республикасида чорвачилик тармоғини жадал ривожлантириш буйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида чорва молларини саноат усулида боқиш учун суғориладиган ерлар ҳамда уларни ҳайдаб боқиш учун пичанзор ва яйловлар, чорвачилик комплекслари, чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш, омухта ем ишлаб чиқариш мақсадида бино ва иншоотлар қуриш учун, қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер участкаси бўлмаган тақдирда, унумдорлиги паст суғориладиган ер участкаларини танлов ва аукцион ўтказмасдан, Комиссиянинг тавсиясига асосан ажратиш, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан бир вақтнинг ўзида компенсация билан биргаликда кафиллик ҳам бериш каби имтиёзларнинг барча туманларга жорий этилиши катта ғамқўрликнинг намунасидир.

Мана шундай эътибор ва имтиёзлардан самарали фойдаланган ҳолда видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасининг барча шаҳар ва туманларида сессиялар ўтказилиб, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш масаласи кенг муҳокама қилиниб қарорлар қабул қилинди.

Жорий йил 23-октябрь санасида бўлиб ўткан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгес сессиясида ҳам ушбу муҳим масала муҳокама этилиб, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, иқтисодиёт барқарорлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш аҳамиятли вазифа сифатида қаралди.

Асосий вазифа озиқ-овқат захирасини яратиш орқали дастурхонларимиз тўкинлигига эришиш, мана шу эзгу мақсадни амалга ошириш йўлида Ўзбекистон «Адолат» СДПдан сайланган маҳаллий депутатларимиз ўзларининг депутатлик ваколатлари доирасида улушларини қўшиб боради деб ишонаман.

 

Шукурулла АТАНИЯЗОВ,

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси

аграр, сув хўжалиги, табиатни муҳофаза қилиш ва

экология масалалари қўмитаси раиси,

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати.

    

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+