Қишлоқдаги янги кўп қаватли уйлар ногиронлиги бор шахсларга топширилди

30.11.2020 20:11:15

2019 йил 28 ноябрда  Ўзбекистон  Республикаси Президентининг  “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони эълон қилинган эди. Ўтган давр  мобайнида  Наманган вилоятида ҳам мазкур  ҳужжатда  белгиланган вазифалар асосида қатор  ишлар  амалга  оширилди. Хусусан, арзон турар-жойлар ва кўп  хонадонли икки, тўрт ва беш қаватли  уйлар қурилиши кўлами кескин  кенгайди. Бу  эса аҳоли  турмуш  фаровонлигини  оширишга қўшилган  муносиб  ҳиссадир.

Яқинда  Чуст туманидаги “Садача”  маҳалла фуқаролар  йиғини  ҳудудида бир  йўла  тўртта   тўрт  қаватли  уй  фойдаланишга  топширилди.  Бу  ерда бир  йўла 96  оила  вакилларига турар-жойларнинг калитлари  тақдим  этилди.  “Қишлоқ қурилиш инвест” масъулияти чекланган  жамиятининг  Наманган  филиали бинокорлари  объектларни ниҳоятда қисқа муддатда қуриб  битказдилар. Бунинг учун  қарийб  14  миллиард  сўм  маблағ  йўналтирилди. Икки  ва  уч  хонали шинам хонадонлар  уларнинг  эгаларига  жуда  маъқул  тушди.

 - Ушбу кўп қаватли турар-жойлар  янгиланган  лойиҳалар асосида  барпо  этилган  инфратузилмага ҳам  эга, - дейди  Ўзбекистон “Адолат” СДП Чуст туман кенгашининг раиси  Содиқжон Аҳмедов. -  Тантанали  маросимдан  сўнг  атрофни  айланиб,  дилим  қуврочга  тўлди. Уйлар  олдида  болалар  майдончалари  жиҳозланган.  Улар  дастлабки  кунданоқ кичкинтойларнинг  севимли ўйингоҳига  айланибди.  Аҳоли  коммунал  қулайликлардан  самарали фойдаланиши учун янги тизимдаги муҳандислик-коммуникация  тармоқлари тортилибди.  Жумладан, 3,3 километр масофада  ичимлик  суви, узунлиги  700  метрлик  канализация тармоқлари  ишга туширилибди. Бундай ғамхўрликдан ҳар  бир  кишининг боши  осмонга  етади,  албатта.

Биринчи гуруҳ ногирони Марғуба Миргулшанова биз  билан  суҳбатда ўз уйи  бўлишини  анчадан  бери  орзу  қилганлигини  айтди. Мана  энди,  ниятига  эришиб  турибди. Бундан  оила  аъзолари ҳам чексиз  хурсанд. Шу  куни жами  19 нафар  ногиронлиги  бор  шахсларга  янги  хонадонларнинг калитлари  топширилганлигини юртимизда юксак даражадаги инсонпарварлик  сиёсати  олиб   борилаётганлигининг  белгиси  сифатида  баҳолаш  мумкин.

Янгиқўрғон туманининг  "Водий" массивида ҳам кейинги йилларда барча типдаги намунавий лойиҳалар асосида кўп қаватли хонадонлар қурилиши амалга оширилди. Бир  неча  кун  аввал  бу  ерда  ҳам  “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ Наманган вилояти филиали томонидан қурилган  4 та 4 қаватли   арзон уй-жойлар фойдаланишга  топширилди. 96 оила аъзоларига  тантанали   вазиятда  икки ва уч  қаватли  хонадонларнинг  калитлари  топширилди.   Уларнинг  бир  қисмига  ногиронлиги  бор  ва  эҳтиёжманд шахслар кўчиб  кирдилар.

Шу  ўринда янги  уйларга  кўчиб  кирганлар  учун юқоридаги Фармонда кўзда  тутилганидай,  ипотека  бўйича  қулай шароитлар яратилганлигини  қайд  этиш  лозим. Масалан,  хонадонлар  учун  тўловнинг  дастлабки  қисми  субсидия  сифатида  давлат  томонидан  тўлаб  берилди. Маблағнинг  қолганини эса  ўзлари  имтиёзли  шартлар  асосида тўлаб борадилар.

Наманган вилоят  Қурилиш  бош  бошқармасидан  бизга  маълум  қилишларича, Президент Фармонига биноан 2020 йилнинг ўзида  6 та тумандаги қишлоқ жойларида  намунавий лойиҳалар асосида арзон уйлар қурилиши олиб борилди.  Мазкур хонадонлар асосан турар-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилалар, меҳнат мигрантлари, ногиронлиги бўлган шахслар, ёш оилалар ва оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёллар учун ажратилмоқда. Демак, яна юзлаб оилалар  яқинлашиб келаётган  2021 йилни  янги хонадонларда  кутиб  олиш имкониятига эга  бўладилар.

                                                                                    Нурбек  АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон  “Адолат”  СДП   Наманган вилоят  Кенгаши  матбуот  котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+