Қишлоқларимиз обод, кўнгилларимиз шод бўлмоқда

20.02.2024 17:02:24

Фарғона вилояти Тошлоқ туманидаги “Пиёзчилик” маҳалласида “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонларини жорий этиш мақсадида кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.
Электр ва сув таъминоти тизимларини янада яхшилаш, маҳалла фуқаролар йиғини биносини таъмирлаш, кўчаларни асфальтлаштириш каби қатор ободонлаштириш ишлари соҳа мутасаддилари томонидан тизимли тарзда амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши мутахассислари жамоатчилик назорати асосида ушбу ҳудудда бўлиб, амалга оширилаётган ишлар билан танишдилар.


Ободлик кўнгилдан бошланади деганларидек, маҳаллада истиқомат қилувчи 12 та кам таъминланган оилаларнинг турмуш шароитини яхшилашга катта эътибор қаратилган, - деди ҳоким ёрдамчиси Акрамжон Раҳмонов. - Уларнинг яшаш хонадонларида қурилиш ва таъмирлаш ишлари кенг кўламда олиб борилмоқда.


Маҳалланинг “Истеъдод” кўчаси, 28- хонадонда истиқомат қилувчи Холисхон Мирзахалилова 1 гуруҳ ногирони. Шу боис “Аёллар дафтари”га рўйхатга олинган. Доимий равишда маҳалла ва ҳомийлар томонидан қўллаб-қувватлаб келинади.
- Оилада боқувчимиз йўқ. Ўзим бронхиал астма касаллигига чалинганман. Уйимиз нураб, бир аҳволга келиб қолган эди. Маҳалламиз “Обод маҳалла” дастурига тушгач, хонадонимизни ҳомийлар кўмагида мукаммал таъмирдан чиқариб, замонавий қиёфага келтириб беришаётганидан жуда ҳам хурсандман. Яна ҳовлимиз четига тандир ва ўчоқлар қуриб беришди. Президентимизга ва ҳомийларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.


Маҳалланинг Истеъдод кўчаси 19-уйида Аҳаджон Акбаров истиқомат қилади. Тақдир синовлари туфайли у оғир дардларга чалинган. Доимий даволанишга муҳтож. Эҳтиёжманд оиланинг яшаш хонадонларида ҳам мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
1200 нафар аҳоли истиқомат қиладиган маҳалланинг ҳар бир хонадони, кўчалар янги қиёфа касб этмоқда.

Гулчеҳра Аҳмедова,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Фарғона вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+