Қонун лойиҳаси депутатлар эътирозига сабаб бўлди

11.03.2020 10:03:15

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Депутатлар, партия фаоллари, соҳа мутахассислари иштирок этган йиғилишда мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ва суд-ҳуқуқ соҳаларига оид қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқишди.

Йиғилишида дастлаб, “Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, лойиҳани янги таҳрирда қабул қилишнинг мақсади – мамлакатимиз маъмурий-ҳудудий тузилишининг асосий таомилларини, маъмурий-ҳудудий тузилиш масалалари бўйича таклифларни давлат экспертизасидан ўтказиш мезонларини белгилашга қаратилган. Шунингдек, соҳани давлат томонидан тартибга солинишини амалга оширувчи органлар ва уларнинг ваколатлари ҳам аниқ кўрсатилмоқда.

Депутатлар томонидан айтиб ўтилганидек, қарийб 25 йил олдин қабул қилинган мазкур қонун маънан эскирган бўлиб, ундаги қатор нормалар бугунги талабга жавоб бера олмайди. Хусусан, қонун мамлакатимиздаги маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини тизимли ҳал этишни таъминлай олмаяпти.

Шунингдек, амалдаги Қонунда тўғридан-тўғри амал қилувчи нормалар белгиланмаган. Бундан ташқари амалдаги Қонун қабул қилинганда
31 моддадан иборат бўлган бўлса, бугунги кунда улардан 15 таси турли сабабларга кўра ўз кучини йўқотганлиги ҳам ушбу янги лойиҳанинг ишлаб чиқилишига сабаб бўлмоқда. Маъмурий-ҳудудий тузилиш масалалари бўйича қарор қабул қилиш учун зарур бўладиган ҳужжатлар рўйхати ҳам мавжуд эмаслиги соҳада қатор чалкашликларни келтириб чиқармоқда.

Фракция депутатлари қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда халқаро тажриба кенг ўрганилганлигини эътироф этишди. Хусусан, Россия, Беларус, Қозоғистон, Украина, Молдова, Норвегия ва АҚШ давлатларининг илғор тажрибаларидан фойдаланилганлиги бу лойиҳанинг ҳаётийлиги ва мукаммаллигига хизмат қилишини таъминлайди.

Лойиҳани қабул қилиш орқали Ўзбекистон Республикасининг маъмурий – ҳудудий тузилиши соҳасидаги ҳуқуқий нормаларни самарали амалга оширишни таъминлайдиган таъсирчан механизмлар жорий этилади, ҳудудий бирликлар ва аҳоли пунктлари Давлат реестрини юритиш механизмлари белгиланади ва соҳада қатор қулайликлар яратилади.

Фракция йиғилишида шунингдек, “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Мазкур лойиҳа аудиторлик фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг халқаро миқёсда аудит ривожланиши ва қонунчиликдаги ўзгаришларга мувофиқлигини танқидий жиҳатдан ўрганиш натижасида ишлаб чиқилган.

Депутатлар томонидан таъкидланганидек, замонавий аудит жамият манфаатларини қондиришга ва инвесторлар ҳимоясини кучайтиришга йўналтирилган тадбиркорлик фаолияти эканлигини ҳисобга олган ҳолда, бозор иқтисодиёти талабларига жавоб берадиган аудиторлик хизматини ташкил этиш ушбу Қонуннинг асосий мақсади бўлмоғи лозим бундан ташқари лойиҳада аудиторлик касбининг нуфузини ва улар ишининг сифатини оширишга ҳам алоҳида эътибор берилиши лозим.

Шу каби мақсадларни инобатга олиб ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси эскирган ва ҳаволаки меъёрларни қайта кўриб чиқишга ва тўғридан-тўғри амал қиладиган янги нормаларни жорий қилишга йўналтирилган. Бунда, аудиторлик фаолиятини лицензиялаш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини соддалаштириш ва аудиторлик фаолиятини амалга ошириш учун қоғоз шаклдаги лицензия беришни бекор қилиш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, лойиҳада махсус ваколатли давлат органи сифатида Молия вазирлиги республика жамоат бирлашмалари билан биргаликда, аудиторлик ташкилотлари иши сифатини ташқи назоратдан ўтказишни амалга ошириш ҳамда манфаатлар тўқнашувининг олдини олишга йўналтирилган аудиторлар профессионал фаолиятининг ахлоқий қоидалари ўз аксини топмоқда. Бунда уларнинг молия-хўжалик фаолиятига аралашмаслик бош мезон ҳисобланади.

Депутатлар айтиб ўтганидек, лойиҳадаги тўғридан-тўғри қўллаш имконини берувчи нормалар аудиторлик фаолияти тартибга солишда ва аудит жараёнида коррупциянинг олдини олишнинг самарали воситаси сифатида шаффофликни таъминлайди. Шунингдек, давлат органларининг аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари билан ўзаро муносабатлари ва ҳамкорлигини кенгайтиради. Айниқса, аудиторлик ташкилотларининг хизматлари сифатини ва рақобатбордошлигини оширади.

Йиғилишда фракция аъзолари лойиҳада мавжуд камчиликларга алоҳида тўхталиб ўтишди. Хусусан, лойиҳада акс этган аудиторларнинг республика жамоат бирлашмаларидан бирига аъзо бўлиши шартлиги масаласи баҳсга сабаб бўлди. Шу билан бирга аъзоликка ўтадиган бўлса улар тўлайдиган аъзолик бадали масаласи ҳам ўрганилмаганлиги танқидий баҳоланди. Чунки, мавжуд қонунчилигимизда жамоат бирлашмаларига аъзолик ихтиёрийлиги алоҳида белгилаб қўйилган. Шунингдек, аудиторларни малакасини ошириш тегишли лицензияга эга бўлган аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари қошидаги ўқув марказида ҳар йили амалга оширилиб борилиши ҳам танқидга сабаб бўлди. Бу соҳада коррупцион ҳолатларини келиб чиқиши айтиб ўтилди.

Фракция депутатлари лойиҳанинг долзарблигини инобатга олиб, юқоридаги каби камчиликларни қонунни иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида бартараф этиш шарти билан, уни концептуал жиҳатдан маъқуллашди.

Йиғилишда муҳокама этилган шу ва бошқа қонун лойиҳалари бўйича депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиққан ҳолда таклиф ва муносабатлар билдирилди ҳамда улар концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватланди.

Анвар ЭГАМҚУЛОВ

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+