ҚОНУНИЙЛИК, АСОСЛИЛИК ВА АДОЛАТЛИЛИК ТАЛАБЛАРИ ТАЪМИНЛАНСА…

27.11.2023 09:11:13

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ишончли ҳимоя қилиш тизими мустаҳкамланмоқда.

"Адолат" СДП сайловолди дастурида ҳам келтирилганки,
Асосий тамойилимиз – адолат ҳамма ерда ва ҳар бир инсон учун! Қонун ва адолат устуворлигига эришиш – ҳаракатларимиз мезонидир!
Адолатнинг қарор топишида суд ҳокимиятининг ўрни катта. Биз суд ҳокимияти мустақил, судлар эса адолат қўрғонлари бўлиши тарафдоримиз.
Биз Олий суд, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар натижасини, айниқса, соҳада аҳолининг норозилигига сабаб бўлган омилларни танқидий ўрганиб борамиз ва шу орқали амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан аниқ таклифлар тайёрлаймиз.

Биз суд тизимини комплекс ривожлантириш, судларнинг мавқеини ошириш, судьяларнинг дахлсизлигини таъминлаш адолатли жамият қуришнинг муҳим шарти, деб ҳисоблаймиз.

Биз халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши депутатлари сифатида буни аҳолига кенг тушунтириб келмоқдамиз.

“Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг қатор қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуннинг аҳамияти каттадир.

Мазкур қонунларнинг мақсади ва аҳамияти одил судловнинг таянч принциплари – қонунийлик, асослилик ва адолатлилик талабларини таъминлашга қаратилган. Айнан ана шу уч омил одил судлов сифати ва самарадорлигини амалда намоён қилади.

Бунда устувор мақсад – фуқароларимизнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоясини янада кучайтириш, суд сансалорлиги ва оворагарчиликларнинг олдини олиш, судларга ишончни мустаҳкамлашдир. Афсуски, фуқароларимиз адолат излаб судма-суд овора бўлаётган ҳолатлар кўп. Жумладан, парламентга ҳам айнан суд низолари билан боғлиқ кўп мурожаатлар келиб тушмоқда.

Албатта, процессуал тартибларни ўзгартириш, такомиллаштириш жуда муҳим, бироқ бу билан муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлиб қолмайди. Ёндашув, сифат ва мазмун ўзгариши керак. Бунда, асосий масъулият Олий суд, судьялик ҳамжамияти органлари зиммасидадир.

Шу билан бирга, кодексларга киритилаётган ушбу янгиликлардан аҳолининг хабардорлигини оширишга жиддий эътибор қаратиш, бу борада нафақат судлар, балки бошқа масъул тузилмалар, жумладан, Сенат ва маҳаллий Кенгашлар имкониятларини ҳам сафарбар қилиш зарур.

Инобат БОБОКУЛОВА,
Самарқанд шаҳар 1-ФҲДЁ бўлими мудираси,
Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+