Қонунийликни мустаҳкамлаш

15.02.2024 14:02:39

Қонунийликни мустаҳкамлаш — инсон ҳуқуқи ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш демакдир!

Янги Ўзбекистонни демократик янгилашнинг бугунги босқичидаги энг муҳим йўналишларидан бири — қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқи ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш ва эркинлаштиришдан иборат. Зеро, суд органларининг ролини ҳар томонлама ошириш ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлидаги қонуний жараён, айнан шу каби ёндашув эвазига бу соҳадаги ишлар кўлами, миқёси ва самарадорлиги кейинги даврда ниҳоятда кенгайиб, янги босқичга кўтарилмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” СДП сайловолди дастурида: “Адолатнинг қарор топишида суд ҳокимиятининг ўрни катта. Биз суд ҳокимияти мустақил, судлар эса адолат қўрғонлари бўлиши тарафдоримиз”, дейилади. “Адолат” СДП Чироқчи тумани Кенгаши томонидан туман халқ таълими бўлими тадбиргоҳида “Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари – инсон манфаатларини ҳимоя қилишнинг мустаҳкам ва ишончли кафолати” мавзусида ўтказилган тадбирда ҳам суд-ҳуқуқ соҳасидаги амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида сўз юритилди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, депутатлар, партия фаоллари, ўқитувчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда ҳуқуқшунос, партия фаоли Дилрабо Чориева кун тартибидаги масала юзасидан маъруза қилди.
-Президентимиз алоҳида таъкидлаганларидек, суд идоралари халқнинг энг ишонган ва ҳимоя қиладиган даргоҳи бўлиши лозим, - деди Дилрабо Чориева. - Мамлакатимизда ўлим жазоси бекор қилиниши суд ҳуқуқ тизимини эркинлаштириш йўлидаги энг муҳим қадамлардан бири бўлди. Шунингдек, тергов жараёнида суд назоратини кучайтириш, мазкур соҳада суд фаолиятини либераллаштириш бўйича ҳам кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бу борада “Ҳабеас корпус” (Habeas corpus) институтининг жорий этилиши, Миранда қоидасига асосан, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари тўлиқ таъминланаётгани айни муддао бўлди.
Тадбирда халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Фарҳод Жуманов, Чироқчи тумани ҳокимлиги мутахассиси Собир Аҳмедов, таълим фидойиси Венера Ҳусаинова ва бошқалар ҳам сўзга чиқиб, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораларини фақат судьянинг санкцияси асосида қўллаш амалиёти жорий қилинганлиги ҳам муҳим қадам бўлганлигини эътироф этишди.
Хусусан, фуқароларнинг Янги Бош қомусимиз ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиз экани, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмаслиги ҳақидаги конституциявий норма амалда рўёбга чиқарилганлиги қайд этилди.
Бундан ташқари, жиноят-процессуал кодексида белгиланган бир қатор эҳтиёт чораларининг доираси ҳам кенгайтирилди. Яъни, қайтадан уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси жорий этилиб, шахсга нисбатан уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ва унинг муддатини узайтириш судлар ваколатига берилганлиги ҳам қонун устуворлигига эришишда аҳамияти беқиёс эканлиги йиғилишда таъкидлаб ўтилди.
Тадбир якунида иштирокчилар суд-ҳуқуқ соҳасида ўзлари дуч келаётган муаммоли масалалар юзасидан мутасаддилардан тегишли жавоблар олишди.

Қуддуз Садриев,
Партия фаоли. Қашқадарё вилояти.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+