Қуролли кучларимиз қудратини юксалтириш йўлида

01.02.2021 14:02:21

Қонунчилик палатаси депутатлари сайлов округларида бўлиб, аҳоли, хусусан сайловчилар билан учрашувлар ва мулоқотлар ўтказмоқдалар. Учрашувлар жараёнида соҳалар, айниқса таълим ва тиббиёт муассасалари, қолаверса ҳуқуқ-тартибот идоралари  фаолиятлари ўрганилмоқда.

Шу билан биргаликда, Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзолари фаолият йўналишларидан келиб чиққан ҳолда ўз сайлов округларидаги ҳарбий қисмларга, ҳуқуқ-тартибот идораларига ташриф буюриб, у ердаги соҳа ходимлари, хусусан ҳарбийлар ва аскарлар билан учрашдилар.

Қонунчилик палатаси депутати, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси Таваккал Чориев Бухоро вилоятининг ҳарбий қисмларидан бирида бўлиб, офецерлар ва аскарлар билан мулоқотда бўлди.

Учрашувда Қўмита аъзоси 2020 йил 29 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасининг мазмун-моҳияти, унда белгилаган барча соҳалардаги устувор вазифаларга тўхталиб ўтди. Жонли мулоқот давомида “Дунёда кечаётган мураккаб жараёнлар яқин-узоқ минтақаларда кузатилаётган зиддият ва тўқнашувлар шароитида юртимизда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги ишларини янада жадаллаштиришимиз лозим, шундагина биз Қуролли кучларимиз қудратини юксалтириш йўлида биргаликда катта кучга айланамиз!” – дея ўз фикр мулоҳазаларини билдирди Таваккал Чориев.

Шунингдек, Қуролли кучларимиз қудратини, қўшинларнинг профессионал ва жисмоний салоҳиятини юксалтириш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилаларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишларига алоҳида эътибор қаратди. Суҳбат давомида бугунги кунда Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 2020 йил давомидаги фаолияти, шунингдек 2021 йилда белгиланган вазифалар, кўриб чиқилаётган қонун лойиҳалари, ўтказиладиган назорат-таҳлил тадбирлари тўғрисида ҳам маълумот берилди. Очиқ-мулоқот ҳамда савол-жавоблар тарзида бўлиб ўтган учрашувда иштирокчилар томонидан фикр ва мулоҳазалар ҳамда соҳадаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан таклифлар билдирилди. Ушбу таклифлар қўмитанинг кейинги фаолиятида кўриб чиқилиши ҳамда қонунчиликни такомиллаштириш бўйича қўлланилиши таъкидланди.

 

 

Зулхумор ТЎРАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+