Қурултой сафдошларимизни халқ билан янада яқинлаштиради

01.11.2019 15:11:50

Инсон орзу-мақсадлари рўёбга чиқишини, ўзи яшаб турган заминда  адолат  устувор бўлишини хоҳлайди.  Шундай экан,  адолатли жамият қуриш,  ҳар бир фуқаронинг  эркинлиги, қонун олдида тенглиги, билим олиш, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш  ҳуқуқи  бирламчи  масала бўлиб  қолаверади. Сайловдан сайловгача  бўлган  давр мобайнида Ўзбекистон  “Адолат” СДП ва унинг қуйи ташкилотлари томонидан эътироф этишга  арзийдиган  қатор ишлар қилинди.

Биргина мисол. Вилоят партия тизимида ташкил этилган “Адолат қабулхоналари” ўтган давр мобайнида 520 дан ортиқ мурожаатлар  келиб тушган бўлиб,  шундан депутатларнинг фаоллиги, мутасаддиларнинг кўмаги билан 490 таси ижобий ечим топган. Фуқароларнинг турмуш фаровонлигини ошириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ижтимоий таъминотини яхшилашга қаратилган мурожаатлар ҳал этилиб, аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб бориляпти. Албатта, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири бор.

Фаолиятимизда айрим камчиликлар, жойларда қонун устуворлигини таъминлашда жамоатчилик назоратини ўрнатишга етарлича эътибор берилмаган ҳолатлар ҳам бўлди. Бунинг сабабларини танқидий ўрганиб, зарур хулосалар ишлаб чиқилмоқда.

Қурултойда партиянинг ҳудудий ва қуйи ташкилотлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, тизимда меҳнат қилаётган кадрлар салоҳиятини юксалтириш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириб бориш масаласи ҳам назардан четда қолмайди, албатта. Хусусан, қуйи партия ташкилотларининг ҳар бири ўз биносига эга бўлиши, уларнинг жиҳозланиши, илғор, замонавий ахборот коммуникация воситалари билан таъминланиши ишимизда самарадорлик ошишига хизмат қилади.

Ҳар бир ҳудудда фидойи, одамларнинег дарду ташвишларини ўз дилидан кечириб, мутасадди ташкилотлар масъулиятини кучайтиришга, электорат ишончини оқлашга интилаётган, ташаббус кўрсатиб ишлаётган сафдошларимиз кўпчиликни ташкил этади. Аҳолининг партиямизга ишончи замирида нафақат халқчил ғоя-мақсадларимиз, балки ана шундай талабчан, ўз ваъдасига амал қиладиган партиядошларимизнинг саъй-ҳаракатлари мужассам.

Қурултой ана шундай сафдошлар тимсолида партиямизни халқ билан янада яқинлаштиради. Анжуманда қабул қилинажак партия ҳужжатлари бу йилги сайловларда депутатлик ўринларини кўпроқ эгаллаш учун сиёсий майдонда муносиб курашишда дастуриламал бўлади.

Шерзод КАРИМОВ,

 Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят кенгаши раиси 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+