Қурултойдан мақсадларимиз бир олам

29.10.2019 23:10:38

Партиямиз Қурултойига делегат этиб сайланганим  зиммамга кучли масъулият юклади. Ўтган беш йил давомида фаолиятимизда амалга оширилган ишлар, эришган ютуқлар бир-бир кўз олдимдан ўтди. Ҳисобот даври “Адолат” СДП Хоразм вилоят Кенгаши учун  “Адолат – ҳаётимизни бош мезони” деб номланган  сайловолди дастурида илгари сурилган устувор вазифаларни амалга ошириш доирасида омма орасида партия позицияларини  янада мустаҳкамлашга эришилди, десак муболаға бўлмайди.

Жумладан,  халқимизнинг фаровонлигини яхшилаш, ҳудудларимизнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга, ёшларимизнинг сифатли  таълим олишига, соғлиқни сақлаш соҳасини такомиллаштиришга хизмат қилувчи  янгидан янги ғоялар, лойиҳалар, вазифаларни мақсад қилган эдик. Шунингдек, фарзандларимиз ҳеч кимдан кам бўлмай, замонавий шарт-шароитларда  камол топиши учун қишлоқларимиздаги таълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш, янги босқичларга олиб чиқиш, жойларда, айниқса, қишлоқ жойларида барча замонавий ахборот коммуникация технологиялари ҳамда юксак қадрлари мавжуд, халқаро талаб ва стандартлар асосида фаолият юритадиган мактабгача таълим муассасалари сонини кўпайтириш, фуқароларга сифатли тиббий хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш  масаласи  ҳам кенг муҳокама қилинган эди.

Амалдаги сайловолди дастурда илгари сурилган илғор ғояларнинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида ўтган беш йил давомида партиямиз мамлакатимиз ҳаётида туб янгиланишлар, ислоҳотлар, бунёдкорлик ишларининг фаол иштирокчисига айланди. Ҳудудларда халқаро талаб ва стандартларига мос келадиган  мактабгача таълим муассасаларининг  сонини кўпайтиришга эришилди.

Бу борада депутатлик гуруҳлари томонидан  партиянинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида”, “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур” лойиҳалари доирасида тегишли ишчи гуруҳлар томонидан олиб борилган ўрганиш ишлари  партия Сиёсий Кенгашига тақдим қилиниши билан бир қаторда  тегишли сессиялар кун тартибига олиб чиқилди ва амалиётга йўналтирилди.

Икки мингдан ортиқ депутатлик сўровлари орқали  фуқароларимизнинг турмуш шароити яхшиланди, фарзандларимиз замонавий боғчаларда тарбияланмоқдалар,  соғлиқни сақлаш тизимидаги бунёдкорликлар, замонавий тиббий технологияларнинг жорий этилиши, аёллар маслаҳатхоналари, перинатал марказларининг ишга туширилиши, тиббий патронаж хизматларининг йўлга қўйилгани - буларнинг бари  амалдаги сайловолди дастуримизнинг халчил, узоқни кўзлаб ишлаб чиқилганини кўрсатади.

Урганч шаҳар марказида фаолиятини янги бошлаган 60 ўринли шаҳар шифохонасига, унинг ёнгинасида фаолиятини бошлаш арафасида турган 90 ўринли шаҳар перинатал марказига ҳар сафар кўзим тушганида партиямиз томонидан  фуқароларга  сифатли тиббий хизмат кўрсатишни жадаллаштиришга қаратилган мақсадни дилдан  туяман. Айниқса, бу муассасаларнинг қад кўтаришида вилоят Кенгашимиз депутати, тадбиркор Мансурбек Махмудов, шифохона фаолиятини тизимли олиб боришда партиямизнинг вилоят Кенгаши раиси Тохир Палвановлар бош-қош бўлаётганидан ғурурланаман, фаолиятимга, касбимга бўлган меҳрим, шижоатим, ишончим ошади. 

Ҳудудимиздаги мактабгача таълим муассасаларига ташриф буюрганда, у ердаги болажонлар учун яратилган имкониятларни, мўжизакорликни  кўриб, қойил қолмасдан иложинг йўқ.

Жорий йилнинг 1 июль куни вилоят Кенгаши депутати Бахтиёр Матяқубовнинг саъй-ҳаракатлари билан Боғот туманидаги “Ашхабад” маҳалласида барпо этилган боғча, болажонларимиз учун яратилган шарт-шароитлар нафақат, боғотликлар, ҳар бир партиядошимизга олам-олам қувонч бағишлайди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Бу галги сайловолди дастуримиз лойиҳасининг кенг жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилгани жуда ўринли бўлди ва фуқаролар томонидан қўллаб-қувватланди.  Дастуримизни келгуси беш йилликда  халқимизнинг  ҳаётидан рози бўлиб яшашига  хизмат қилишини катта ишонч билан кутамиз ва бунга ишонамиз.

Дастурда баён этилган 8 та йўналиш ҳам долзарблиги, ҳаётбахш ва халқчиллиги билан  юртдошларимиз эътиборини тортди. Дастурнинг сайқал топиши, такомиллашиши учун  фуқаролар йиллар давомида йиғилиб қолган    муаммолар тўғрисидаги таклифларини беришди. Жумладан, гепатит “А”га қарши вакцинани бепул қилиш, фуқаролар орасида касалликларнинг олдини олиш учун “тиббий паспорт”ни жорий этиш, ўқув муассасаларида инсон саломатлигига доир дарсликлар киритиш, синфлардаги ўқувчилар сони меъёрдан ошиб кетмаслигига риоя этиш ва ҳоказолар.

Дастурлар муҳокамасига бағишланган тадбир ва давра суҳбатлари давомида  нафақат партия фаоллари, балки, кенг жамоатчилик  томонидан сайловолди дастур лойиҳамизга берилган таклифлар дастурдан жой олиб, ҳаётга татбиқ этилса, сайловчилар ишончини кўпроқ қозонган бўлар эдик. Қурултойдан нафақат делегатлар, кенг жамоатчилик ҳам бу каби  натижаларни  интиқлик билан кутишмоқда.    

Зеро, сайловчи ишончи партиямиз тақдири учун жуда муҳим экан, биз Курултойдан фаолиятимиз самарадорлигини оширишга, фуқароларимизни ҳаётидан рози бўлиб яшашига  ҳизмат қиладиган  дастур ва вазифаларни  кутиб қоламиз.

                                                                  Замира АБДУЛЛАЕВА,                            

                                                            Ўзбекистон Адолат СДП

                                                                    Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+