“Рақамли таълим” – депутат ташаббус билан чиқди

28.01.2020 15:01:36

Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши томонидан партиянинг Вобкент, Ромитан ва Пешкў туман Кенгашларида депутатлар учун “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши, уларнинг доимий комиссия ҳамда маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари депутатлик фаолиятини ташкил этишнинг айрим жиҳатлари” номи остида семинар-тренинг ташкил этилди. Унда партия вилоят Кенгаши раҳбарияти, туман депутатлари ва фаоллар иштирок этишди.

Семинарда партия вилоят Кенгаши раиси Мақсуд Ҳамидов депутатнинг вазифалари, масъулияти тўғрисида тўхталиб ўтар экан, унинг халқ ва ўз олдига қўйган аниқ мақсади бўлиши лозимлигини таъкидлади. Шу билан бир қаторда депутатнинг имиджи, жамиятда унинг ўрни ва роли хусусида ҳам гапириб ўтди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида бугунги кун депутатининг қандай бўлиши лозимлигини қайд этиб ўтган. Йиғилиш давомида Мақсуд Ҳамидов Мурожаатномадан келиб чиққан ҳолда ҳар бир депутат фаолиятига эътиборли бўлиши лозимлиги таъкидлади.

Семинар давомида депутатлар таклиф, фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Хусусан, Халқ депутатлари Вобкент туман Кенгаши депутати Нодир Файзуллаев “рақамли таълим тизимини” мактабгача таълим ташкилоти ва умумтаълим мактабларида жорий этиш ташаббуси билан чиқди. Ушбу лойиҳадан мақсад таълимда ёшларнинг эътиборини ахборот технологияларига кенгроқ жалб этиш ҳамда ўқувчининг ундан самарали фойдаланган ҳолда интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришдан иборатдир.

Халқ депутатлари Ромитан туман Кенгаши депутати Олима Исломова эса ёшлар орасидан иқтидорлиларни саралаб олиб, улар учун имтиёзли кредитларни кенгайтириш ва грандлар сонини ошириш бўйича ўзининг таклифларини айтиб ўтди.

Тадбир сўнгида барча депутатлар ҳамда фаолларнинг таклифлари қўллаб-қувватланди.

Жойларда бўлиб ўтган семинар-тренинглар ўз ишини якунлади.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят Кенгаши матбуот хизмати   

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+