Режа масъулият демакдир

01.02.2024 14:02:34

   Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгашининг XII пленуми бўлиб ўтди. Унда ҳудудий партия кенгашларининг раислари, маҳаллий кенгаш депутатлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
   Кун тартибидаги асосий масала-2023 йилда амалга ошириш режалаштирилган устувор вазифалар ижроси тўғрисида вилоят партия кенгаши раиси Мадаминжон Мадазимовнинг маърузасида таъкидланганидек, йил давомида сезиларли ишлар амалга оширилди. Партия сайловолди дастурида белгиланган дастурий вазифалар ижросини таъминлаш андижонлик “адолатчилар” фаолиятининг асосини ташкил этди. Амалдаги лойиҳалар асосида ўтказилган тадбирлар жамоатчиликда қизиқиш уйғотди. Партия электорати ва аҳолининг кенг қатлами билан юзма-юз мулоқотлар партия фаолларининг жамоатчилик билан янада яқинлашувига хизмат қилди.
   Мадаминжон Мадазимов, Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши раиси:
- Айни вақтда аъзоларимиз сони 36 минг 651 нафарни, бошланғич партия ташкилотлари 425 тани ташкил қилади. Албатта, бу катта куч. Ана шу куч билан ҳар бир меҳнат жамоасига, маҳаллаларга кириб боряпмиз. Халқ билан юзма-юз мулоқот ўрнатиш мақсадида “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида депутатлик гуруҳлари билан биргаликда қонунчилигимиздаги ўзгаришларни жойларга етиб бориши ва ижросини ўрганишга ҳаракат қиляпмиз. Ўрганиш баробарида мавжуд муаммоларнинг ечими топиляпти. Биргина йил давомида маҳаллий кенгаш сессияларига 144 та масала киритилгани бунинг тасдиғидир. Фуқароларнинг мурожаатлари асосида 255 дан ортиқ муаммо ижобий ҳал этилди.
   Эришилган ютуқлар пленум қатнашчиларини қанчалик қувонтирса, йўл қўйилган камчиликлар ўз фаолиятларига танқидий кўз билан қарашга ундади. Андижон шаҳар, Избоскан, Жалақудуқ ва Улуғнор туманларида барча йўналишларда самарали иш ташкил этилган бир вақтда Булоқбоши, Бўз ва Марҳамат туманларида бунинг акси эканлигини қандай тушуниш мумкин. Сафимизни янги аъзолар билан кенгайтириш, партиявий тадбирлар орқали жамоатчилик орасига кириб бориш ва ҳудудлардаги мавжуд муаммоларнинг ечимини топиш уларнинг вазифаси эмасми? Бу ана шу ҳудудлардаги партия етакчиларида дадиллик, ташаббус етишмаслигини кўрсатади. Шунинг натижасида йил давомида 3 нафар партия етакчиси вазифасидан озод этилди.


   Барнохон Бозорова, Ўзбекистон “Адолат” СДП Жалақудуқ туман кенгаши раиси:
- Партия етакчиси янги кун нафаси билан яшаши керак. Жамоатчилик бизга сиёсий шахс сифатида ишонч билан қарайди. Бугунги ислоҳотларни уларга етказишда ўзига хос йўлдан боришимиз лозим. Биз ҳар бир тадбирда бунга эътибор қаратамиз. Жамоатчилик олдига ҳамма вақт янги фикр билан чиқамиз. Шу сабаб туманимизда “Адолат”га ишонувчилар, қўллаб-қувватловчилар сафи кенгаймоқда.


   Пленум кун тартибидан 2024 йилда олдинда турган вазифалар ҳам ўрин олди. Ҳисобот даврида кузатилган камчиликларни бартараф этиш баробарида янги режалар белгилаб олинди. Сайловлар йилида фаолликни янада ошириш, муносиб номзодлар билан сиёсий жараёнда қатнашиш борасида экспертларнинг фикрлари ва таклифлари эшитилди.
   Пленум якунида кўрилган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Андижон вилоят кенгаши Матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+