Робахон Махмудова қорақалпоғистонлик сайловчилар билан учрашди

19.06.2023 16:06:45

“Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Робахон Махмудова жорий йилнинг 19 июнь куни Нукус шаҳрида қорақалпоғистонлик сайловчилар билан учрашди.

Учрашувда номзоднинг ишончли вакиллари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия Марказий аппарати ва Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши ходимлари, фаоллар, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. 

Учрашувни Президентликка номзоднинг ишончли вакили очиб берди ва дастлаб, йиғилганларга номзоднинг таржимаи ҳоли ва меҳнат фаолияти хусусида батафсил маълумотлар берди.

Сўнгра “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Робахон Махмудова сайловчиларни ўз сайловолди дастурининг устувор йўналишлари билан яқиндан таништирди.

Таъкидланганидек, дастурда илгари сурилаётган ғоя ва мақсадлар Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг дастурий мақсадларига ҳар жиҳатдан ҳамоҳанг бўлиб, давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида, адолат тамойилларини барқарор таъминлашни назарда тутади.

Жумладан, номзод дастурида ҳуқуқий давлат қуриш, ижтимоий адолатни қарор топтириш, миллий иқтисодиёт, илм фан, инновациялар ва таълим соҳасининг барқарор ўсишига эришиш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама муҳофаза қилиш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш, атроф-муҳитни асраш, хотин-қизлар ва ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш каби устувор вазифалар илгари сурилмоқда.

Президентликка номзод тадбир якунида учрашув қатнашчиларининг саволларига жавоб берар экан, кутилаётган сайлов Янги Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим воқеа эканини таъкидлади.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси, Жўқорғи Кенгесдаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Даўытбай Қурбаниязов, Тўрткул тумани “Яшнобод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Урингул Аллабергенова, Ёшлар парламенти аъзоси Дадахан Ҳакимбаев, партия фаоли, ҳуқуқшунос Палмурза Хожабековлар сўз олиб, партиядан Президентликка кўрсатилган номзод ҳақида, унинг сайловолди дастури борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Шунингдек, маърузачилар тадбир иштирокчиларини бўлажак сайловда партиядан кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватлашга чақирдилар.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+