Рус синфлари: муаммо ва ечим

13.09.2019 11:09:26

“Жаҳолатга қарши маърифат” шиори остида тарғибот ишлари олиб бораётган вилоят гуруҳи билан Самарқанд шаҳрининг “Фидойилар” маҳалласида бўлганимизда бир ёш она фарзанди рус синфида ўқишини, айрим  ўқитувчилар рус тилини яхши билмагани учун ўқувчиларга  фанни ўзбек тилида тушунтирганини, бундан фарзанди маънан азият чекаётганини айтиб, энди юқори синфларда ўтиладиган аниқ фанларни ўқитадиган ўқитувчиларнинг  дарсни  рус тилида ўтишида муаммо бўлмайдими, деган савол билан бизга мурожжат қилди.

Охирги йилларда фарзандларини рус синфида ўқитмоқчи бўлганлар сони ортиб бормоқда. Бизда мактабларда рус тилида дарс ўтадиган ўқитувчилар етарлими?  Умуман, рус тилида ўқувчиларга дарс бераётган ўқитувчиларнинг қанчаси олий таълимнинг “евро гуруҳи”да таҳсил олган?

Масалага ойдинлик киритиш мақсадида шаҳар халқ таълими бўлимида бўлдим.

- Бундай муаммо бўлиши мумкин, - деди шаҳар халқ таълими мудири ўринбосари Анвар Нурмуродов, - Ўзим бир неча йил илгари чет тиллар институтини ўқиб тугатганман. Мавжуд 20 та гуруҳнинг 2 таси “евро гуруҳ” эди.  Шу гуруҳда ўқиганларнинг барчаси мактабга ўқитувчиликка борган, деб айтолмайман. Рус тилида ўқитилаётган синфларда дарсларни аслида улар ўтиши керак.

Таълим рус тилида олиб бориладиган синфлари бор 45-умумтаълим мактаби директори Нигора Даниярова  билан суҳбатлашдим.

- Фарзанди рус синфида ўқийдиган онанинг эътирози ўринли, - деди тажрибали директор, -  Олий таълимнинг рус тилида тугатган ўқитувчиларга эҳтиёж бор.  Масалан, бизда ҳам институтни  ўзбек гуруҳида ўқиб,  рус синфларида дарс бераётган ўқитувчилар бор.  Лекин улар рус тилини жуда яхши билишади.  Афсуски, ўқитувчилик қилиш истагида бўлиб, иш сўраб келганларнинг деярли барчаси ўзбек гуруҳларида ўқишган. Аниқ фанларда жуда кўп атамалар бор ва уларни рус тилида дарс ўтадиган ўқитувчининг ўзи яхши ўзлаштириши керак.

Самарқанд давлат университети ўқув услубий бошқармаси бошлиғи  Бегали Алиқулов ўқитувчиларга бўлган эҳтиёжни вилоят халқ таълими бошқармаси шакллантиришини айтди.  “Евро гуруҳ”ларнинг озлиги ҳам рус тилида дарс ўтадиган мутахассисларга бўлган эҳтиёжнинг камлиги билан изоҳланади.

Буни қандай тушуниш мумкин? Мактабларда фанларни рус тилида ўтиши керак бўлган ўқитувчилар етишмаган бир пайтда халқ таълими буюртмаси асосида олий таълим олиш учун  шакллантириладиган “еврогуруҳ”лар сони камлиги кишини ўйлантиради. Балки рус тилида ўқитиладиган синфларнинг  ўзбек гуруҳида ўқиган  ўқитувчилар билан таъминланганлиги рус тилида дарс берадиган мутахассисларга бўлган талабни йўққа чиқаргандир.

  Агар Самарқанд шаҳар халқ таълимига қарашли умумтаълим мактабларида 2019-2020 ўқув йили учун ўқитувчиларга бўлган эҳтиёж атиги 13 тани, шундан 5 таси рус тили синфлари учун бошланғич таълим ўқитувчи эканига эътибор берсак, қоғоздаги кўрсаткич билан амалдагисининг муносиблиги шубҳали. Бу гумоннинг ҳақиқатга қанчалар яқинлигини билиш учун рус тилида дарс ўтадиган бошланғич синф ва аниқ фанлар бўйича ўқитувчиларнинг қанчаси “еврогуруҳ”да таълим олганини аниқлаш керак бўлади ва бу маълумотни олиш учун халқ таълими бўлимига хат йўлланди. Дарслар рус тилида олиб бориладиган синфлар очиш ва мавжуд шундай синфларда бўлган муаммолар ҳақида халқ таълими соҳаси ходимларининг фикрларини кутамиз. Жавоб хати олингандан сўнг  мавзуни давом эттирамиз.

Хуршид НУРУЛЛАЕВ,

“АДОЛАТ” социал-демократик партияси фаоли,

Республика Маънавият ва маърифат маркази

Самарқанд шаҳар бўлинмаси  раҳбари,

 

  

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+