Саховат — беназир қадрият

24.01.2024 12:01:16

    Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан ўзгалар кўмагига муҳтож, боқувчисини йўқотган ва эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган “Саховат – беназир қадрият” лойиҳаси доирасида ўтган 2023 йил давомида партиянинг Фарғона вилояти Кенгаши ва маҳаллий кенгаш депутатлари ташаббуси билан минглаб фарғоналиклар холидан хабар олиниб, оилаларга қувонч бахш этилди.
Бу хайрли тадбирларда Халқ депутатлари Қувасой шаҳар Кенгаши депутати - Муҳсинали Меҳмонов, халқ депутатлари Сўх туман Кенгаши депутати - Субҳонали Нишонов, Данғара туман Кенгаши депутати -Равшанжон Якубжонов, Қўштепа туман Кенгаши депутати - Аъзамжон Аҳмаджоновлар барчага ибрат бўлмоқда.


    “Адолат” СДП Марғилон шаҳар Кенгаши шаҳардаги “ Етимларга меҳр Марғилон” хайрия ҳаракати билан ҳамкорликда навбатдаги тадбир амалга оширилди. Марғилон шаҳрида истиқомат қилувчи юздан зиёд болажонлар “Марғилон кабоблари” марказига таклиф этилиб, миллий таомлар билан меҳмон қилинди.
- Меҳр инсонга куч-қувват бағишлайди, — деди тадбир иштирокчиси Соҳибахон Каримова. – Турмуш ўртоғимдан эрта айрилдим. 3 нафар фарзандни вояга етказиш осон эмас. Мен “Адолат” СДП партияси ва хайрия ташкилоти раҳбарларидан жуда ҳам хурсандман. Ҳеч қачон ёлғизлатиб қўйишмайди. Ҳар доим йилнинг тўрт фасли учун кийим-кечаклар сотиб олиб беришади. Озиқ-овқат маҳсулотларини эса тез-тез келтиришади. Бу инсонларнинг кўмаги билан болаларим тенгдошлари орасида ўксимай вояга етишмоқда.
  Фарзандимнинг барчаси ҳам мактабда аъло баҳоларга ўқишмоқда. Худо хоҳласа, уларни олий таълим даргоҳларида ўқитмоқчиман. Ватанимизга, халқимизга хизмат қиладиган комил фарзандлар бўлиб камол топишларини орзу қиламан. Биз каби эҳтиёжмандларни қўллаган яхши инсонлар илоҳим кам бўлишмасин.


   Тадбир якунида эса, ҳар бир оила вакилларига озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Тадбир ташкилотчилари одамларнинг, болажонларнинг кўзларидаги қувончлардан қалблари таскин топиб, янги мақсадларни дилга туйдилар. Одамийликнинг улуғ саодати шу бўлса керак...

Гулчеҳра Аҳмедова,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Фарғона вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+