Саховат карвонининг биринчи қисми Янгиер шаҳридаги 2500 нафар сардобаликларга етказилди

03.05.2020 19:05:11

Сардоба сув омбори воқеаси. Кун мавзусига айланган ушбу талофатдан жабр кўрган сирдарёликларга саховат кўрсатиш ва уларнинг холидан хабар олиш ниятидаги юртдошларимиз сафи соат ва дақиқа сайин ортиб бормоқда. Давлатимиз раҳбари бошчилигида мазкур ҳолатлардан асоратларсиз чиқиш борасида барча чора-тадбирлар ташкил этилаётган айни вақтда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ва депутатлари ҳам хайрли иш бошлади. Яъни “Сардоба сари саховат карвони” акцияси ўз сафига 500 мингдан ортиқ партия фаолларини бирлаштирди.

Сирдарё вилоятининг талофат кўрган туманлари аҳолисини моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, зарурий уй-рўзғор буюмлари ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга кўмаклашиш мақсадида 55 миллион сўмлик товар ва озиқ-овқат маҳсулотлари ортилган саховат карвонининг дастлабкиси бугун Янгиер шаҳрига етиб келди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши аъзолари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Иномжон Қудратов ва Нодира Жонибекова ҳамда Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари иштирокида мазкур саховат карвонидаги омонатлар айни кунларда Янгиер шаҳридаги таълим муасссалари биносига вақтинчалик жойлаштирилган 2500 нафар сардобаликларга тарқатилди. Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас. Ушбу лойиҳа доирасида хайрия қилинган маблағларни қабул қилиш учун банкда ҳисоб-рақам ҳамда пластик карта очилади. Йиғилган маблағларга зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари ва уй-рўзғор буюмлари харид қилиниб, Сардоба туманини қайта қуриш учун ташкил этилган штабга етказилади. Мақсад эса Сирдарё вилояти аҳолиси ва бу вилоятга қўшни вилоятлардан келиб ишлаётган кўнгилли ҳашарчилар билан “Адолат” СДП доимо бирга эканлигини амалда намоён этиш.

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сирдарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+