“Саховат ва кўмак” : Беморлар тиббий кўрикдан ўтказилиб, дори-дармонлар етказлди

04.06.2020 07:06:50

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавлудахон Адҳамжонова ўз сайлов ҳудудида “Меҳримиз сизга” акциясини ўтказиш ташаббуси билан чиқди. Халқ вакилини Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилояти кенгаши фаоллари қўллаб-қувватлади. Тадбир манзили сифатида ёлғиз яшовчи ва имконияти чекланган фуқароларнинг хонадонлари танланди.

 Андижон тумани, Куйганёр шаҳарчасида яшовчи Фаридахон Мирзаева бу ҳаётда қандай оғир кунларни кўрмади, дейсиз. Уч фарзанди ва оиласидан айрилди. Оналик кучи ва  аёллик иродаси  билан барчасини енгди. Ҳозирда бир ўзи яшайди. Депутат бошчилигида партия фаоллари хонадонига кириб борганда қувончдан кўзлари ёшланди. Шу куни шифокорлар Ф.Мирзаевани тиббий кўрикдан ўтказди, керакли дори-дармонлар берилди.

“Бунёдкор” МФЙ, 10-уй, 1-хонадонда яшовчи 1951-йилда туғилган Мархабо Махмудова ҳам эҳтиёжманд оилалардан. Онахон қандли диабет касаллигидан қийналмоқда, даволанишга имконияти йўқ. Депутат сайловчисининг саломатлигини ўз назоратига олди. Даволаш ишлари бошланди. Озиқ-овқат маҳсулотлари олиб келинганда М.Маҳмудова яхши одамлар кўпайсин, дея дуога қўл очди.

Акция доирасида 10 дан ортиқ оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Бу “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати барчани эзгу ишларга бошлаганининг ифодаси. Эзгулик йўлида “адолатчилар” ҳам ташаббус билан чиқиб, жамоатчилик эътиборини тортмоқда.   

                                            Малохатхон МУСАЕВА,

         Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилояти

 Кенгаши раиси ўринбосари

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+