“Саховат ва кўмак”: Беморларга бепул дори-дармонлар етказилди

07.05.2020 11:05:47

2020 йил Ер юзи аҳолиси учун анчагина оғир келди. Айниқса, коронавирус аталмиш хасталик деярли барча мамлакатлар ҳудудида фавқулодда ҳолатларни келтириб чиқарди. Одамларнинг одатдаги ҳаёт мароми бузилди, нафақат ижтимоий турмушда, балки умуман кун кечиришда мураккабликлар вужудга келди. Афсуски, бундай нохуш ҳолатлар Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. Бироқ давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган оқилона сиёсат туфайли юртдошларимизни оғир вазиятдан соғ-омон олиб чиқиб кетиш чоралари кўрилаётганлиги эътиборга лойиқдир.

Айниқса, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати бугунги кунда мамлакатимизда кенг қулоч ёйганлиги халқимизнинг бир жон-бир тан бўлиб яшаётганлигидан далолатдир. Ҳамма ерда кам таъминланган оилалар, у ёки бу сабабга кўра қийин аҳволга тушиб қолган инсонларни қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда. Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилояти ташкилотларида ҳам карантин пайтида аҳолининг ёрдамга муҳтож қисмига ҳомийлик кўрсатиш юзасидан қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борада партия фаоллари, депутатлар ибрат кўрсатаётганликлари мақтовга лойиқ.

Масалан, “Адолат” СДП Норин туман кенгаши раиси Носиржон Ҳасановнинг ўзи икки оилани оталиққа олди. Улардан бири “Янги тонг” маҳалласининг Истиқлол кўчасида яшайди. Феруза Раҳмонова хонадонидаги беш киши кам таъминланган ҳисобланади. “Фурқат” маҳалласининг Амир Темур кўчасидаги Раҳмонали Йўлчиев оиласи эса олти нафардан иборат. Туман “адолат”чилари етакчиси ҳар икки хонадондан хабар олишга бошлади. Уларга қатор озиқ-овқат моллари ва кундалик эҳтиёж буюмлари етказиб берилди.

Турғуной Тўйчиеванинг касби шифокор, тумандаги Хўжаобод қишлоқ врачлик пункти мудираси бўлиб ишлайди. “Адолат” СДПдан халқ депутатлари туман кенгаши депутатлигига сайланган. У ҳам айни кунларда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида қатор ишларни амалга оширмоқда. Ўтган ҳафтада у ўз сайлов округи ҳудудидаги бир қатор кам таъминланган оилалар вакилларига моддий ёрдам кўрсатди. Ойтожи Эрқўзиева, Ривоят Асқарова, Тешабой Ғойибов, Абдурашид Ваҳобов ва Ўғилхон Мамадалиеванинг хонадонларига озиқ-овқат маҳсулотлари билан бирга 200 минг сўмдан пул ҳам тарқатилди. Қишлоқ врачлик пунктида диспансер назоратида турган уч нафар беморга эса бепул дори-дармонлар етказиб берилди.

Партиямиз кенгаши раиси қатор корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, тадбиркорлар билан учрашиб,  “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатида фаол қатнашишга чорлади. Улар ҳам ўз розиликларини билдириб, хайрли ишларга қўл урдилар. Мисол учун, “Рустамбек Эгамбердиев” фермер хўжалиги бошлиғи Азизбек Қодиров “Қуюлтепа” маҳалласидан Дилбар Қосимова ва Саноат Солиева оилаларини оталиққа олди. Уларнинг бирида уч, иккинчисида эса тўрт киши яшайди. Оилаларнинг эҳтиёжлари ўрганилиб, зарур ёрдамлар кўрсатила бошланди.

“Норин деҳқон бозори” раҳбари Воҳиджон Абдумажидов эса Навоий номли маҳаллада яшовчи Дилдора Алиева ҳамда Салоҳиддин Холмирзаевнинг оилаларига кўмак қўлини чўзди. Уларга бир туркум озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилиб, меҳр-мурувват кўрсатилди. Бу хайрли иш яна давом эттирилади.

Носиржон Ҳасанов, “Адолат” СДП Норин туман кенгаши раиси:

– Мана шу синов кунларида халқимиз орасида меҳр-мурувватли ва саховатли инсонлар нақадар кўплигини яна бир бор ҳис этдим. Улар бор экан, юртдошларимиз ҳеч қачон тушкунликка тушмайдилар. Энг муҳими, биргаликда ва якдиллик билан ҳар қандай машаққатни енгиб ўтиш мумкин. Коронавирус пандемияси, табиий офат ва бошқа фавқулодда ҳолатларнинг оқибатлари албатта, бартараф этилади.

Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+