“Саховат ва кўмак”: Чустлик сафдошларимиз ҳиссаси

29.04.2020 15:04:38

Бутун дунёда коронавирус пандемиясига қарши кураш қизғин давом этмоқда. Мамлакатимизда ҳам бу манфур касалликнинг инсонлар ҳаётига ва иқтисодиётга таъсирини камайтириш юзисидан таъсирчан чоралар кўрилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 20 апрелда ўтказилган видеоселектор йиғилишида саноат корхоналари, қурилиш ташкилотлари, инфратузилма соҳаларининг тўлақонли фаолиятини таъминлаш, аҳолининг қийналаётган қисмига манзилли ёрдам кўрсатишга оид белгилаб берган вазифаларини изчил бажаришга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини ташкил этиш тўғрисидаги таклиф кўпчиликка маъқул тушди.

Ўтган қисқа давр мобайнида Наманган вилоятида ҳам бу борада қатор ишлар амалга оширилди. Мазкур йўналишда кўплаб партиядошларимиз  намуна кўрсатмоқдалар. Масалан, куни кеча “Адолат” СДП Чуст туман кенгаши ижтимоий тармоқларда эълон қилган маълумотларга назар ташлайлик. Маълум бўлишича, бир ҳафтанинг ўзида фаоллар ва депутатлар аҳолининг кам таъминланган қисмига 10 миллион сўмликка яқин озиқ-овқат маҳсулотлари ва кундалик эҳтиёж моллари етказиб берибдилар.

Содиқжон Аҳмедов, Ўзбекистон “Адолат” СДП Чуст туман кенгаши раиси:

– Президентимизнинг “Саховат ва кўмак” умуммиллий ҳаракатини ташкил этиш тўғрисидаги таклифини барча юртдошларимиз қатори чустликлар ҳам астойдил қўллаб-қувватламоқдалар. Улар орасида албатта, сафдошларимиз ҳам бор. Биз ҳозирги шароитда халқимиз ягона мақсад йўлида бирлашмас экан, кўринмас ёв - коронавирус устидан ғалаба қозониш қийинлигини яхши тушуниб турибмиз.

Чустда сафдошларимиздан бир нафар халқ депутатлари вилоят кенгашининг депутати, тўрт нафар халқ депутатлари туман кенгашининг депутати иш олиб боради. Улар туманда биринчилар қатори “Саховат ва кўмак” ҳаракатига қўшилдилар. Мисол учун, халқ депутатлари вилоят кенгашининг депутати Алишер Қосимов Варзик қишлоғидаги 15 та ночор оилани 1 миллион 300 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлади. Туман кенгашининг депутатлари Шуҳрат Мадолимов, Жамшид Тошпўлатов, Муқаддас Ёқубова ва Баҳромжон Ҳакимов эса 795-815 минг сўмлик миқдорида маҳсулот жами 50 та хонадонга етиб боришини таъминладилар. Шунингдек, партия фаолларидан Рўзигул Ашурқулова, Муҳайё Ғафурова, Камолжон Абдуллаев, Илҳомжон Арслонов ҳам бу хайрия тадбирларидан четда қолмадилар.

Партия туман кенгаши раиси Содиқжон Аҳмедов эса 20 тахонадонга 1 миллион 590 минг сўмлик озиқ-овқатлар тортиқ қилди. Улар орасида ун ва гуручдан тортиб, гўшт, картошка, тиббий ниқобларгача бор. Эътиборли жиҳати – чустлик сафдошларимиз бундай хайрли ишни давом эттиришга аҳд этишган. Бу эса аҳолининг кам таъминланган қисми карантин даврини қийналмасдан ўтказишига кўмаклашади, албатта.

Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+