“Саховат ва кўмак”: Кийган тўнинг эскирар, кийдирганинг эскирмас

30.04.2020 21:04:47

Дунёда миллат ва элатлар жуда кўп. Уларнинг биронтасини камситмаган ҳолда айтиш мумкинки, биз ўзбекларнинг асрлар оша ривожланиб ва сайқал топиб бораётган анъаналари ҳамда қадриятлари жуда кўп. Қийин шароит вужудга келганда бир ёқадан бош чиқариш, ўзаро ёрдам муҳитини вужудга келтириш, атрофдагилар мушкул ҳолатга тушганда бирдам бўлиш шу кабилар сирасига киради. Бу, айниқса, ҳозирги синовли кунларда яққол намоён бўлмоқда.

“Ўзбек халқ мақоллари” – китоб жавонимдаги севимли китоблардан бири. Уни тез-тез қўлга оламан, ажойиб нақл ва ибораларни ўқиб, улардаги маъно ва мазмунга қойил қоламан. Ҳозирги коронавирус пандемиясига қарши кураш авж олган кунларда беихтиёр хайр-саховат, ўзаро ёрдам, атрофдагиларни қўллаб-қувватлаш мавзусидаги мақолларни ўқиш ҳам кишининг маънавий ва маърифий дунёсини бойитар экан. Ҳозиргина мазкур китобдан ибратли жумлаларни ўқиб, ён дафтарга ёзиб олдим. Улар нафақат шу дамларда, балки кейинчалик ҳам ақлни пешлаши аниқ.

Мана, улардан айримлари:

Кенг бўлсанг, кам бўлмайсан.

           ***

Кийган тўнинг эскирар,

Кийдирганинг эскирмас.

           ***

Кўнгли очиқнинг — йўли очиқ.

Кўнгли очиқнинг — қўли очиқ,

Қўли очиқнинг — йўли.

Қаранг, уларнинг ҳар бирида тоғдай маъно бор. Бу, халқимизнинг асрлар бўйлаб тўпланган бой ҳаётий тажрибаси маҳсули эканлиги шубҳасиз. Шундай экан, юртимиздаги ҳар бир инсон уларга амал қилса, асло кам бўлмайди, деб ўйлайман.

Биз, тўрақўрғонлик “адолат”чилар ҳам давлатимиз раҳбарининг коронавирус пандемияси билан боғлиқ мураккаб шароитда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида тўхталиб, халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш юзасидан таклиф билдиргани бежиз эмас. Эндиликда ушбу ташаббус ҳамма жойда бўлгани каби туманимизда қизғин қўллаб-қувватланмоқда. Айни пайтда мазкур йўналишда изчил иш олиб борилмоқда.

Биринчи навбатда барча маҳаллалардаги даромади ўта паст, кам таъминланган оилалар рўйхати тузиб чиқилди. Маълум бўлишича, улар сирасига  1788 та оила кириб,  аъзолари  7728 кишидан иборат экан. Ижтимоий ҳимояга муҳтож ана шу инсонларни уч ой давомида қийналмай яшашлари учун ёрдамлашиш зарур вазифа қилиб қўйилди. Шуниси эътиборга лойиқки, дастлабки кунлардаёқ ўнлаб тадбиркорлар, ташкилот ва корхоналар раҳбарлари саховат тадбирларида фаол қатнашиш таклифини билдиришди. Бундай саховатпеша юртдошларимиз орасида партиядошларимиз ҳам борлиги ҳаммамизни қувонтирмоқда. Айниқса, депутатларимиз, фаолларимиз, БПТ раислари бу хайрли ишда фаол қатнашмоқдалар. Мана шу йўлдан борсак, халқимиз машаққатли синовлардан муваффақиятли ўтади ва яна тараққиётнинг ёрқин йўлига чиқиб олади.

Нуриддин ВАҚҚОСОВ,

Халқ депутатлари Тўрақўрҳон туман кенгашидаги

“Адолат” СДП гуруҳи аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+