“Саховат ва кўмак”: Уруш қатнашисининг уйи таъмирлаб берилди

07.05.2020 15:05:27

Ўзбекистон “Адолат”СДП Сурхондарё вилоят, шаҳар ва туманлар Кенгашлари депутатлари уруш фахрийларининг хонадонларига ташриф буюриб, ҳол-аҳвол сўраб, моддий ва маънавий кўмак берилмоқда. Хусусан, халқ депутатлари Термиз туман Кенгаши депутати Бўри Хонов ташаббуси билан туман ҳокимлиги ҳамда туман Мудофаа бўлими ҳамкорлигида тумандаги “Дўстлик” МФЙда истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 96 ёшли Султон бобо Кенжаев хонадони таъмирдан чиқарилиб берилди.  Дарахтлар оқланди, томорқа ери шудгор қилинди.

– Мен кўп синовли кунларни бошдан кечирганман, – дейди уруш фахрийси Султон бобо Кенжаев. –  Оловли жанг майдонларида бўлдим, яқинларимдан айрилдим. Аммо ўзбек халқидек меҳр-оқибатли, мурувватли халқни бошқа ҳеч қаерда учратмадим. Уруш ўчоқларида нонга зор бўлиб, оч қолган пайтларимиз бўлди. Вайронагарчиликларни, оҳу ноласи кўкни тутган етим-есирларни, бева-бечораларни кўриб юраклар сел бўлиб оқди. Урушни биз кўрдик, сизлар асло кўрманг. Мен ишонаман, бугунги мураккаб вазиятни ҳам халқимиз бир ёқадан бош чиқариб, ҳамжиҳатлик билан енгиб ўтамиз.

Хонадон соҳибига озиқ-овқат маҳсулотлари, тиббий воситалар ҳамда зарур дори-дармонлар ҳадя қилинди. Султон бобо Кенжаев ўзининг ҳаётий ўгитлари, панд-насиҳатларини ёшлар, ҳарбийлар билан ўртоқлашди.

Шу куни хонадон соҳиблари кекса уруш фахрийсига кўрсатилган эътибор ва ғамхўрлик учун ташкилотчилардан чексиз миннатдор бўлишди.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат”СДП

Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+