Сайл оддий халқни партия фаолиятидан хабардор этди

04.10.2019 22:10:56

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Қашқадарё вилоят Кенгаши томонидан Ғузор туманидаги “Истиқлол боғи” амфитеатрида “Биз-адолат тарафдоримиз” шиори остида “Адолат сайли” бўлиб ўтди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари, партия хайрихохлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Истиқлол боғида ҳар хил ранг берувчи ёритгич чироқлари, саҳна атрофига нур тарқатувчи овоз кучайтириш мосламалари ўрнатилгани туман аҳлини “Адолат” сайлига чорлади. Айниқса, овоз кучайтиргич воситалари орқали “Адолат” партиясининг шиорлари ва сайлга таклифлари янграб тургани, пойтахтимиздан таниқли санъаткорларнинг иштирок этгани, тумонат одам тўпланишини ҳамда “Адолат” сайли чинакамига халқ сайлига айланиб кетишига туртки бўлди.

Тадбирда партия вилоят Кенгаши раиси Рўйиддин Раупов барча иштирокчиларга аъло кайфият тилади. “Адолат-ҳаётимизнинг бош мезони, Адолат ҳар бир инсон учун” деган ғояни ўзида мужассам этган янги Сайловолди дастурида Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳуқуқий, ижтимоий адолат, қонун устуворлигига асосланган демократик давлатни барпо этиш ғоясини илгари суришда давом этиб, адолатлилик ғояси, ҳамманинг қонун олдида тенглиги, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни бош мезон қилиб олганлигини таъкидлади.

-Ўз сафларида минглаб аъзоларни бирлаштирган “Адолат” социал-демократик партияси нафақат қонун устуворлигини, адолатни изчил тарғиб қилувчи сиёсий куч, балки иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт ва бошқа аҳоли фаровонлигини таъминловчи инновацияни ривожлантириш тарафдори бўлиб қолаверади, - деди Рўйиддин Раупов - Биз суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, адвокатура фаолияти мустақиллигини мустаҳкамлашга йўналтирилган қонунларни ташаббускори бўлиб, уларни қўллаб-қувватлаймиз.

Саҳна экранида партиянинг фаолиятига оид роликлар мунтазам бериб борилгани, иштирокчиларга кепка, футболка, флаерлар тарқатилгани, ёшларнинг одамлар орасида партия байроғи ва шиорларини тарғибот қилиши, “Адолат”нинг катта баннерларини саҳна атрофига ўрнатилгани ҳам тадбирга ўзгача кўтаринкилик бағишлади.

Шу куни “Адолат” сайли кечгача давом этди. Биз унинг иштирокчиларини суҳбатга тортдик.

-Ўзбекистон “Адолат” СДП ташаббуси билан уюштирилган тадбир менда чуқур таассурот қолдирди, -деди Ёш адолатчилар қаноти” аъзоси Нодир Саидов -Тўғриси, тадбирга ташриф буюрганимдан жуда ҳам хурсанд бўлдим. Сабаби, биринчидан мазза қилиб дам олдим. Иккинчидан эса “Адолат” СДПнинг фаолияти ва сайловолди дастурида белгиланган халқчил ғоялардан воқиф бўлдим. Менга “Адолат”нинг ўз олдига қўйган мақсади маъқул бўлди.

-Менга ҳам бу “Адолат” сайли жуда ёқди, - деди яна бир иштирокчи Бурхон Умаров - Ўзбекистон иқтисодиётининг келажаги – инновацион тараққиётда деб, фаолият олиб бораётган партиянинг янги Сайловолди дастури, қонунчилик борасидаги самарали ишлари ҳам салмоқли эканлигини ҳис қилдим.

Комил САХАТОВ,

“Адолат” СДП Қашқадарё вилояти Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+