Сайловчилар ишончини оқлаш йўлида

11.09.2020 12:09:45

Жойларда оддий халқнинг муаммоларини тинглаб, уларга яхши ҳаёт кечиришлари учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, ижтимоий соҳа аҳволини ўрганиш, кам таъминланган, ёрдамга муҳтож аҳолига мавжуд муаммоларини ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатиш депутатларимизнинг  доимий диққат-этиборида бўлмоқда.

Жумладан, “Адолат” СДП Зангиота тумани Кенгаши фаолларидан иборат ишчи гуруҳи ташаббуси билан партиянинг “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида жойларда ҳар ҳафтада олиб борилаётган мулоқотларда аниқланган муаммолар ечимини топмоқда.

Куни кеча партиянинг туман Кенгаши раиси, халқ депутатлари Зангиота туман Кенгаши депутатлари Н.Халходжаева, Д.Мирзабоева, туман ҳокимининг қурилиш ва коммуникация ишлари бўйича ҳоким ўринбосари Ж. Усмоналиев, ИИБ профилактика инспектори М.Юлдашев, “Туркистон”  маҳалласи раиси Г.Мажидовалардан иборат ишчи гуруҳ аъзолари “Қурилиш”, “Туркистон”, “Хонобод”, “Ватанпарвар” ва “Тараққиёт” маҳаллалари аҳолиси билан карантин қоидаларига риоя этган ҳолда очиқ мулоқот ўтказишди.

Қизғин мулоқотлар давомида фуқаролар ўз ҳудудларидаги ички йўллари, уйларнинг атрофини, сув қувурларини таъмирлаш, дорихоналардаги нархларни барқарорлаштириш, бандлик, тижорат банкларидан кредитлар олиш, пандемия шароитида эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган, бироқ қандайдир сабабга кўра эҳтиёжманд оилалар рўйхатига киритилмаган ёхуд рўйхатга кирган бўлса-да ёрдам олмаган фуқаролар ўз муаммоларини ҳал этиш юзасидан депутатга мурожаат этишди.

Жумладан, учрашувда “Асл” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро М.Зиёев мурожаати эшитилганда унинг имконияти чекланган вояга етмаган уч нафар фарзанди борлигини айтиб ногиронлик аравачасига муҳтожлигини айтиб амалий сўраган бўлса, “Туркистон” маҳалласидан С.Каримова ёшлар учун янги хусусий ўқув маркази ташкил этиш ниятида туман  ҳудудидан ер-жой олиши лозимлигини, У.Содиқов  ўғлини ишга жойлаштириш, “Ватанпарвар” маҳалласидан К.Исломов маҳалланинг ички йўллар таъмирталаб бўлиб қолганлигини ҳамда дорихоналардаги нархларнинг ошганлигини айтиб, уни назорат қилиш масалалари, тадбиркор С.Нуржанова  эса чорвачилик билан шуғулланиш учун банкдан кредит олиш юзасидан саволлар билан мурожаат этишди.

Барча турдаги мурожаатлар халқ вакили томонидан ўрганиб чиқилиб, мамлакатимиз қонунчилигида белгиланган тартиб бўйича жавоб қайтарилди.

– Айтиш жоизки, маҳаллаларда ўтказилган мана шундай мулоқот ва суҳбатларда фуқаролар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олиб, бандлик, кредит олиш, савдо, маиший хизмат кўрсатиш каби кўплаб бошқа йўналишлар бўйича ўз ечимини кутаётган муаммоларни ижобий ҳал этилишига эришилди, – дейди Халқ депутатлари Зангиота туман Кенгаши депутати Н.Халхаджаева. – Одамлар нафақат ўзларини қийнаётган масалаларни кўтариб чиқмоқда, балки уларнинг ечими юзасидан ўз таклифларини ҳам беришмоқда. Бу уларнинг давлат ва жамият тараққиётига дахлдорлик туйғуси ортиб, сиёсий-ҳуқуқий билим ва тафаккур олами ҳам замонга ҳамоҳанг тарзда юксалиб бораётганлигини кўрсатади. Демак, барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги, ёшларимиз бахту камоли учун қайғуриб яшашимиз, меҳнат қилишимиз ва фақат олға интилишимиз зарур.

Шунингдек, учрашувлар давомида дунёни ларзага солиб турган короновирус пандемиясининг хавф-хатари, инфекциянинг тарқалиб кетишининг олдини олиш бўйича давлатимиз томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг мазмун-моҳияти кенг тушунтирилди. Аҳоли саломатлигини асраш учун барча бирдек масъул экани, жамият эртаси ҳар бир фуқаро белгиланган тартиб ва қоидаларга қатъий амал қилишга бевосита боғлиқлиги, шифокорлар тавсиясига қатьий амал қилиш зарурлиги хақида сўз борди.

Шу куннинг ўзида депутат  Н.Халхаджаева ҳудуднинг 27-сонли умумтаълим мактабида бўлиб, янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари билан яқиндан танишди.

Танишиш давомида таълим муассасаси раҳбари Н.Умрзоқова билан суҳбатда

 мактаб жорий таъмирдан чиқарилганлиги, ўқув йилига барча синф хоналари, спорт заллари тахт эканлиги, мактаб атрофи ва ҳовлиси ободонлаштирилганлиги, кўкаламзорлаштириш ишлари ниҳоясига етказилганлиги, янги ўқув йилини бошлаш учун бугунги кунда фарзандларини мактабга кунлик қатнаши ёки онлайн ўқитиш истагини билдириб келаётган ота-оналар мурожаати давом этаётганлиги маълум бўлди.

Жойларда бўлиб ўтаётган учрашувларда ҳар бир депутат аҳоли мурожаатларидан келиб чиққан ҳолатда улар томонидан билдирилаётган талаб ва эҳтиёжларни шунчаки эшитилмаслиги, муаммо муаммолича қолиб кетмаслиги лозим.

Депутатларимиз қанчалик масъулиятли, фаол, ташаббускор ва жонкуяр бўлса, кўзланган мақсадларга эришамиз. Шундай экан ҳар бир депутат ўзи сайланган худудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, партия электорати бўлган ижтимоий соҳа вакиллари манфаатларини ҳимоя қилишда масъулият билан иш олиб бориши лозим бўлади. Ишонамизки, халқсевар, элпарвапар, жонкуяр ва фидойи депутатлар сафи кенгаяверса, мамлакатимиз ҳар томонлама тараққий топади, халқ фаровонлиги ортиб бораверади.

Фотима САТТОРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби  

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+