Сайловолди дастуримиз мукаммал бўлсин

16.01.2024 14:01:24

Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида туб бурилишлар даври бошланди. Янги Ўзбекистонда янги жамият барпо этиш учун барча жабҳада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаяпти. Шунга монанд равишда партиямизнинг сайловолди дастурини ҳам янгилашни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Албатта, сиёсий майдонда халқчил ва қонун устуворлиги ғоялари билан қуролланиб, ўз ўрни ва обрўсига эга бўлган партия ташкилотларимизда шу кеча кундузда ишлар авжида. Бўлажак сайловлар олдидан Янги Ўзбекистон ватанимизда барча учун фаровонлик таъминланган адолатли фуқаролик жамиятини қуриш ғояси йўлида ишлар олиб борилаяпти.
Ўзбекистон “Адолат” СДП, Қашқадарё вилоят, Миришкор туман Кенгаши томонидан туман ҳокимлиги мажлислар залида “Сайловолди дастур мукаммаллиги йўлида” мавзусида ташкил этилган тадбирда ҳам сайловолди дастур мақсад ва вазифалари хусусида фикр-мулоҳаза юритилди. Депутатлар, партия фаоллари, хайрихоҳлар иштирокида ўтказилган учрашувда халқ депутатлари Миришкор туман Кенгаши депутати - Сарвиноз Абдуллаева сайловолди дастури юзасидан ўз таклифларини билдирди.
— Бош Қомусимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мажбурияти этиб белгиланган, - деди Сарвиноз Абдуллаева. - Халқ ва давлат органлари ўртасидаги юзага келадиган ноаниқликлар фуқаро фойдасига талқин қилиниши, ҳуқуқий таъсир чоралари қонуний мақсадга эришиш учун етарли ва мутаносиб бўлиши кераклиги, давлат идораларининг ўз вазифаларини инсон ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда амалга оширишда масъулиятини оширади ҳамда инсонга меъёридан ортиқ ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилишининг олдини олади. Адолатли меҳнат шароитларида ишлаш, қилган меҳнати учун адолатли ҳақ олиш, дам олиш ҳар бир фуқаронинг асосий ҳуқуқларидан биридир. Ушбу фаолиятни янада такомиллаштириш учун доимий равишда меҳнат фаолиятини такомиллаштириб бориш энг устувор вазифа бўлиб қолиши керак.
— Мамлакатимизда ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарур, - деди халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Абдужаббор Кенжаев. - Ёшларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантириш, уларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан ривожланиши, ўз ҳуқуқларини амалга ошириши учун шарт-шароитларни яратиш мажбуриятини давлат ўз зиммасига олиши, ёшлар ҳаётда ўзларини тўлақонли намоён этиш имкониятини таъминлаш бугунги куннинг энг зарурий устувор йўналишларидан биридир. Янги сайловолди дастуримизда жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳалари ўз аксини топиши керак.
Ўтказилган тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДП нинг сайловолди дастури ижроси ҳамда янги сайловолди дастури бўйича бир қатор фойдали таклифлар илгари сурилди.

Тўлқин Хидиров,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Қашқадарё вилоят, Миришкор туман Кенгаши раиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+