Сайловолди курашга тайёрмизми?

16.09.2019 14:09:05

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилояти Кенгаши томонидан партиянинг ҳудудий ташкилотлари ходимлари учун “Сайловлар: Ғалаба стратегияси ва тактикаси” мавзусида ўқув-семинарининг 3 куни қизғин мунозаралар тарзида ўтказилди.

Уч кун давом этган семинарда иштирокчилар “Демократик жамиятда сайловлар ва сайлов қонунчилиги”, “Сиёсий партиянинг сайлов кампанияси стратегиясини ишлаб чиқиш”, “Сиёсий партиялар ва партия қурилиши”,  “Сайловга доир пиар технологиялар”, “Сиёсий дебат ва баҳс-мунозараларда ўзини тутиш қоидалари”, “Сайловолди курашда йўл қўйиладиган хатолар”, “Халқаро тузилмалар ва хорижий давлатлар вакилларининг Ўзбекистонда ўтказилган сайловлардаги иштироки” каби мавзуларда тренерлар ва соҳа мутахассисларидан бир қатор маълумотларга эга бўлдилар.

Семинарда сайловлар партияларнинг куч-қудратини яна бир бор намоён этиш билан бирга бу жараёнга пухта ҳозирлик кўриб, ҳудудларда халқ ишончини қозонган, ҳурмат-эътиборга сазовор инсонларни депутатликка номзодларини кўрсатиш, уларнинг сайловолди дастурлари халқ манфаатларининг устуворлигини таъминлашга хизмат қилиши, шунингдек, Ҳаракатлар стратегиясига ҳамоҳанг бўлишига алоҳида эътибор қаратилиши маърузачилар томонидан алоҳида таъкидланди.

- Мен бугун юртимизда амалга оширилаётган сиёсий жараёнлардаги янгиликлар ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлдим. Бу, албатта, бўлажак сайловдаги тарғибот-ташвиқот ишларида қўл келади. Танланган мавзуларнинг долзарблиги шундан далолатки, бу йилги сайловлар олдингиларига қараганда тубдан фарқ қилади. Боиси Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси қабул қилиниши, юртимизда сиёсий партияларнинг сони биттага кўпайиши ҳам сиёсий партиялар ўртасидаги соғлом рақобатни кучайтиради, – дейди семинар иштирокчиси Шоҳруҳ Тоштемиров – Биз, албатта, бу ерда олган билимларимизни амалиётда қўллаб, сиёсий жараёнларда партиямиз хайрихоҳларини ўқитиб, уларнинг ҳам сиёсий тафаккурларини янада юксалишига ўз ҳиссамизни қўшамиз.

Иштирокчиларнинг гуруҳларга бўлинган ҳолда ўтказган турли дебатлари, мавзулар юзасидан савол-жавоблар, амалий машғулотлар семинар натижадорлигини ошириши ҳамда олинган билимларни такрорлашга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.

Семинар якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди. Ҳудудий тренерлар томонидан амалга ошириладиган ишлар юзасидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат”СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+