Сайловолди тадбирлар бўйича иш режа тузилди

05.11.2019 13:11:51

Ўзбекистон “Адолат” СДП  Андижон вилоят кенгаши фаоллари сайлов кампанияси олдидан “Ҳар бир овоз учун курашамиз!” шиори билан сиёсий майдонга чиқдилар. Шу муносабат билан ташкил этилган давра суҳбатида сайловолди тарғибот тадбирларини ташкил этиш, номзодлар билан ишлаш ва замонавий технологиялардан фойдланиш хусусида сўз юритилди. Бу борада вилоят партия кенгашининг иш режаси ишлаб чиқилди.

-“Янги Ўзбекистон, янги сайловлар” шиори остида ўтказиладиган навбатдаги сайловлар сайловчилардан ҳам алоҳида фаоллик талаб этмоқда,-дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши раиси Мадаминжон Мўминов.-Шундан келиб чиқиб сайловолди дастуримизда илгари сурилган мақсад ва ғояларимизни уларга етказиш бугун энг долзарб вазифа. Партия фаоллари жойларда айни шу мақсадга қаратилган тушунтириш ишларини олиб бормоқда. Бу партиямизнинг имиджини шакллантириш ва хайрихоҳларимиз сафини кенгайишига ҳам хизмат қилади.

Тадбир якунида “Менинг овозим”, “Мен танлаган номзод” ва “Биринчи сайловчи” лойиҳалари асосида жойларда тадбирлар ўтказишга келишиб олинди. ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларга жавоб берилди.       

Зумрадой СОЛИЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят

кенгаши ижрочи котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+