Самарқанд  дунё нигоҳида

18.10.2023 09:10:04

Ўзбекистон дурдонаси, марвариди бўлган Самарқанд жаҳоннинг энг қадимий шаҳарларидан бири, Рим, Афина, Бобил сингари қадимий шаҳарларнинг тенгдошидир.

Дунё халқлари бу беназир маскан ҳақида “Жаҳон мамлакатларнинг безаги” ва “Шарқ гавҳари” каби гўзал ўхшатишларни бежиз бағишламаган. Ушбу ташбеҳлар ва сиртдан ҳосил қилинган – оламжаҳон таассуротларни ҳақиқатдан ўз кўзлари билан кўриб, чинакам ишончга айлантириш тўғрисидаги фикрлар парвозида айни кунларда шаҳримизда бўлиб ўтаётган Бутунжаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО) Бош ассамблеясининг 25-сессияси муносабати билан турли мамлакатлардан сайёҳлар ташриф буюришмоқда.

Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеяси 25-сессиясининг асрлар бўйи ўз таровати ва беқиёс меросини безавол сақлаб келаётган, бағрикенглиги ва меҳмондўстлиги билан бутун дунёда шуҳрат қозонган Самарқанд шаҳрида ўтказилиши, уни “Маданий туризмнинг халқаро пойтахти” деб аталиши барча самарқандликларнинг қалбида фахр ва ғурур ўйғотди.

Дарҳақиқат, азалдан Самарқанд дунё тараққиётининг энг қадимги ва марказий шаҳарларидан бири бўлиб, жаҳон маданияти ва илм-фани хазинасига катта ҳисса қўшган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукумати раҳбарлигида Самарқанд шаҳридаги архитектура ёдгорликларини тиклаш ва таъмирлаш, айниқса, Эски шаҳар қисмини қайта қуриш ва таъмирлаш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, шаҳарда замонавий бино ва иншоатларнинг бунёд этилиши шаҳарга қадимий улуғворлик ва замонавий шиддаткорлик нафасини бериб янада гўзал кўриниш касб этмоқда. Айниқса, Темурийлар сулоласи яратган архитектура ёдгорликлари Миср, Хитой, Ҳиндистон, Греция, Италия каби давлатларда яратилган архитектура обидаларидан асло қолишмайди. Аждодлар меросига, унинг шарқона маданият, санъат, одобу ахлоқ билан қоришиқ анъаналарига муносиб бўлиб яшаётган Самарқанд ва самарқандликлар эса меҳмондўстлик фазилатлари билан дунё сайёҳларининг қалбини ром этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеясининг 25-сессиясида нутқида айтиб ўтган Самарқандда туризм соҳасида мутахассислар тайёрлайдиган ва уларнинг малакасини оширадиган, Бутунжаҳон туризм ташкилотининг Халқаро туризм академиясини ташкил этилиши яна бир карра бизга улкан шараф, фахр туйғусини бағишлади.

Бу эътироф, бу эътибор қадим шаҳарга, унинг одамларига нисбатан юксак ҳурмат ва самимият дегани. Бу узоқ-яқиндан ташриф буюрган сайёҳ меҳмонларга очиқ қалб ва қирмизи нонлар билан пешвоз чиқадиган самарқандликларга берилган энг муносиб баҳо. Бугунги кунда Самарқанд дунё сайёҳлари учун хавфсиз ҳудуд, обод маскан сифатида танилилганининг исботи.

Тозагул Холиқова,

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+