Саодат манзиллари

10.01.2024 12:01:26

Қонун устуворлиги — адолат тантанасининг кафолатидир. Қонун ҳукмрон бўлган жамиятда албатта адолат, сиёсий-ижтимоий барқарорлик, иқтисодий ўсиш ва юксалиш бўлади, инсон қадри, ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланади.

Ш. М. Мирзиёев

Мамлакатимиз раҳбарининг прокуратура ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларига йўллаган табригида билдирилган фикрлар ҳеч бир инсонни бефарқ қолдирмайди. Қаердаки, қонун устувор бўлса ўша ерда адолат ҳукм суради.
Бундан 20 йил аввал хорижлик бир йирик компания раҳбари мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида суриштирув ишларини олиб борибди. Буни эшитган раҳбарларидан бири “- Бемалол иш бошлайверинг, мен сизни ҳимоя қиламан, - деб валломатлик қилибди.
Хорижлик тадбиркор эса “-Кечирасиз, мени ҳамма эришган ютуқларим қонун ҳимоясига таянганимда. Агар мени Сизнинг мамлакатингиз қонунлари кафолатли ҳимоя қилсагина, ўз фаолиятимни бошлашим мумкин. Аммо, ўз бизнесимни қайсидир раҳбарнинг ҳимояси остига қўйиб, уни барбод бўлишини истамайман”- деб жавоб қилган экан.
Қонунлар устувор юртда барқарорлик, келажакка ишонч юқори бўлади. Ҳаётимиз давомида ҳақ бўла туриб, адолатсизлик қурбони бўлган инсонларни ҳам кўрдик. Тадбиркорлик қилиб, одамларни иш билан таъминлайман, турмушини фаровон қиламан, деган ният эгаларини бор-будидан, соғлигидан айрилиб, ўз ватанини ташлаб кетишга мажбур бўлганларни ҳам кўрдик. Тазйиқлардан безган заковатли ватандошларимиз дунёнинг турли компанияларини менежери, етакчиси сифатида бошқа давлатлар иқтисодиётини ривожлантиришга хизмат қилаётганларни ҳам эшитдик, гувоҳ бўлдик. Адолатсизлик занжири бир инсон учун эмас, давлат тараққиётига ҳам зиён етказиши ҳеч кимга сир эмас. Шу боис ҳам шахсан мамлакатимиз раҳбари бошчилигида ҳар қандай адолатсизликка қарши кураш, коррупциянинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, бу иллатларни туб илдизи билан барҳам топтириш учун тизимли ишлар, ислоҳотлар олиб бориляпти. Янги йил арафасида коррупцион фаолияти учун жазога тортилган ўнлаб собиқ ҳокимлару, жиноят оламида мушугини биров "пишт" дея олмайдиган катталарнинг мамлакатда “Ўзи хон кўланкаси майдон" бўла олмаслиги, аксинча, қонун устуворлиги муқаррарлигини шоҳиди бўлдик. Халқ жиноят жазосиз қолмаслигига иқрор бўлди.
Юрт раҳбарининг халқ дилидан ўрин олган сўзларига эътиборингизни қаратсам: “Қачон одамларимиз ҳаётида хотиржамлик, рўзғорида фаровонлик ва ҳаловат бўлади, қачон уларда эртанги кунга ишонч ортади? Қачонки, юртимизда қонунлар қоғозда эмас, балки амалда қатъий бажарилган, ислоҳотлар ҳар бир хонадон, ҳар бир маҳаллага кириб, юртдошларимиз уларнинг амалий самарасини ўз кундалик ҳаётида ҳис этган тақдирда, бу мақсадга тўла эришиш мумкин.»
Ҳа, қонун сўзимиз, қуролимиз, кўзимизга айлансагина, бугунги бошланган ислоҳотларнинг юксак самараларини кўра оламиз. Қонун устуворлиги учун эса ҳар биримиз ана шу қонунларга амал қилиш, ҳурмат қилиш ва уни кимдир томонидан топталмаслиги учун ҳам бирлашишимиз зарур. Қонун устуворлиги ҳар биримизнинг огоҳлигимиз билан рўёбга чиқади. Бу эса халқнинг эртанги кунга бўлган ишончи, ватанга садоқати ва фидойилигини ошириб, ҳар биримизни саодат манзиллари сари етаклайди.

Орифжон Ўлмасов,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Фарғона вилоят Кенгаши раиси ўринбосари.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+