Сарҳисоб самараси

08.02.2021 18:02:37

Куни кеча Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси томонидан йил якунлари бўйича сарҳисоб  ва жорий йил учун истиқболдаги режалар бўйича ҳисобот йиғилиш бўлиб ўтди. 

Мазкур йиғилиш ва ўқув – семинарда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда  “Адолат” СДПнинг Тошкент вилояти Кенгаши, Халқ депутатлари  Чирчиқ шаҳар Кенгаши депутатлари, белбоғли кураш федерацияси кенгаши аъзолари, барча вилоятлардаги вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Дастлаб, куннинг биринчи ярмида федерация кенгаши аъзолари, ЎзДЖТСУнинг яккакураш спорт турлари факультети декани, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент Зоҳиджон Ортиқов, миллий кураш турлари, ўйинлари назарияси ва услубияти кафедраси мудири, доцент Шавкат Мирзақуловлар  томонидан йиғилиш иштирокчиларига йил якунлари бўйича амалга оширилган ишлар  сарҳисоби, ютуқ ва камчиликлар, белбоғли курашнинг ўтмиш тарихи, илмий изланишлар  хусусида атрофлича ахборот беришди. Шундан сўнг  номинациялар бўйича тақдирлаш маросими ташкил этилди.

Тақдирлаш маросимида иштирок этган Халқ депутатлари  Чирчиқ шаҳар Кенгаши депутати, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси, халқаро белбоғли кураш федерацияси (IBWA) вице – президенти, халқаро тоифадаги ҳакам, “Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси” кўкрак нишони соҳиби  Равшан Дастиров, Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати,  Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори, иқтисод фанлари доктори, профессор Маҳмуджон Болтабаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси фахрий раиси Қодир Жўраев,  университетнинг  ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Шерзод Мирзанов, “Адолат” СДПнинг Тошкент вилояти Кенгаши раиси Бобур Мамировлар маросим иштирокчиларини қутлар экан, бугун мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортга, хусусан, миллий спорт турларимизга қаратилаётган юксак эътибор ва келажак истиқболлари ҳақида алоҳида  тўхталиб ўтишди.

– Кейинги тўрт йил давомида жисмоний тарбия ва спорт соҳасига доир қабул қилинган бир қатор фармон ва қарорларда аҳолининг соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва жисмоний фаоллигини оширишга қаратилган бир қатор вазифалар белгиланди, — деди партиянинг Тошкент вилояти Кенгаши раиси Бобур Мамиров. — Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йилда Олий Мажлисга тақдим қилган Мурожаатномасида мамлакатимизда спортни жадал ривожлантириш, халқаро мусобақаларда юксак натижаларга эришган спортчиларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашга бундан буён ҳам катта аҳамият бериш, ёшлар ўртасида спортни оммалаштириш кераклиги алоҳида таъкидланган.

Шу ўринда айтиш жоизки, Президентимиз Мурожаатномасида жорий  йилда мамлакатимизнинг  70 та жисмоний тарбия ва спорт муассасаси, 16 мингта боғча ва мактабларни спорт жиҳозлари билан таъминлашга 100 миллиард сўм ажратилиши, шунингдек, барча туман марказлари ва шаҳарларда махсус пиёдалар ва велосипед йўлаклари барпо этилиши, аҳолини оммавий спорт турларига кенг жалб қилиш орқали 2021 йилда қамров ҳозирги 19 фоиздан 25 фоизга етказилиши, Осиё олимпия кенгаши 2025 йилда Ёшлар ўртасида Осиё ўйинларини Тошкент шаҳрида ўтказиш бўйича қарор қабул қилинганлиги таъкидланган. 

Тақдирлаш маросими доирасида  белбоғли кураш федерацияси билан меморандум имзолаган ва яқин ҳамкорлик қилиб келаётган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент вилояти кенгаши ҳамда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети раҳбарияти томонидан ҳам “Ўзбекистонда хизмат кўрсатаган мураббий”, доцент, уч карра жаҳон чемпиони, беш карра Осиё чемпиони,  белбоғли кураш ва кураш бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси, белбоғли кураш бўйича миллий терма жамоа бош мураббийи,  Аъзамжон Шокиржонов, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатаган спорт устози”, “Эл –юрт ҳурмати ” ордени соҳиби, белбоғли кураш бўйича халқаро тоифадаги ҳакам, Наманган вилояти белбоғли кураш бўйича бош мураббийи Неъматжон Тўйчиев каби фахрийлар ташаккурнома ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

 

         Фотима САТТОРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+