Сарсонгарчиликларга чек қўйган ҳужжат

27.05.2020 17:05:21

Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги  Қонунни имзолади.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 22 апрелдаги “Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгилаб берилган вазифалар мазкур Қонунда ўз аксини топган.

Қонун билан шу вақтга қадар амалда бўлган “прописка” сўзи олиб ташланди. Сабаби, у маънавий эскирган атама бўлиб, “тўсқинлик қилувчи”, “бир жойга боғланиш”, “эркинликни чекловчи” каби тушунчаларни беради. Эндиликда “доимий прописка” деган сўзлар “яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш” сўзларига алмаштирилди.

Мазкур қонун билан танишар эканман, кўз олдимга прописка йўқлиги туфайли қанчалаб зиёлилар, фан жонкуярлари, малакали педагоглар, билимли мутахассислар ўз иш жойларини тарк этиб кетганликлари келди. Агар турмуш  ўртоғи Тошкент шаҳрида ўқиса, эри прописка йўқлиги сабаб қишлоғига ёки вилоятга қайтишга мажбур бўлганлар ёки Тошкент шаҳрида мукаммал билим берувчи моҳир педагогларимиз ҳам мана шу мантиқсизлик туфайли қайтиб кетишдан бошқа чора тополмай қолганлари қанчалаб эди. Қанчадан қанча ишга киролмаган, ё ишидан «ҳайдалганлар», узоқ-яқинга кетган юксак тафаккур, билим эгалари, пойтахтдаги уйини мажбурликдан бировнинг номига расмийлаштириб, сўнг фирибгарларга куйиб қолганлар, ўз юртида гуноҳ қилмай туриб, яшил формадан қочиб беркинган кўплаб ватандошларимизнинг орзуси бугун ушалди дея баралла айтишимиз энди мумкин.

Муҳтарам Президентимизнинг сиёсий иродалари ва чинакам халқпарварликлари туфайли энди у кунлар ортда қолди. Ушбу қонун билан “прописка” тизимида узоқ кутилган ислоҳотларга эшик очилди.

Шу билан бирга, мазкур Қонунга янги банд ҳам киритилди. Унга кўра, давлат ҳокимияти органларида, давлат ва хўжалик бошқаруви органларида ҳамда бошқа давлат ташкилотларида узлуксиз беш йил ва ундан ортиқ бўлган давр мобайнида меҳнат фаолиятини олиб бораётган ходимлар (техник, хизмат кўрсатувчи ва ишлаб чиқариш ходимларидан ташқари) тегишли орган ёки ташкилот раҳбарининг маълумотномасига кўра, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига доимий рўйхатга туриш имкони берилди.

Мухтасар қилиб айтганда, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши йиллар давомида қийналиб келаётган кўплаб юртдошларимиз оилаларига хурсандчилик олиб кириши билан бир қаторда уларнинг эркин юришлари соҳасидаги ҳуқуқларини яна бир бор мустаҳкамлайди.

 

Илҳомжон ҲОЖИБОЕВ,

Термиз давлат университети ўқитувчилар малакасини ошириш

ва қайта тайёрлаш институти ўқув ва илмий ишлар бўйича директор ўринбосари,

партия фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+