“Шанхай руҳини” мустаҳкамлаш бугун ҳар қачонгидан муҳим

14.11.2020 17:11:09

Шанхайда 2001 йил 15 июнь куни 6 мамлакат – Ўзбекистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон раҳбарлари янги минтақавий ташкилот – Шанхай ҳамкорлик ташкилотини тузиш тўғрисидаги декларацияни имзолади. Бу ташкилот таъсисчи давлатлари томонидан халқаро терроризмнинг умумий хавфсизликка таҳдид ва чақириқлар олдида, шунингдек, Евроосиё минтақасида мустаҳкам тинчлик ўрнатиш ҳамда барқарор ривожланиш манфаатларини кўзлаб қабул қилинган муҳим стратегик қарор бўлди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти минтақавий ҳамкорликни янги сифат ва мазмун билан бойитди, унга кўп қиррали тус берди ва хавфсизликни барқарорлаштиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиб, дунёга янги минтақавий тузилманинг ноёб намунасини намойиш этди.

Сўнгги йилларда ШҲТ ишончли, изчил ривожланишга мустаҳкам пойдевор қўйди ва ташкилот дунёда тан олинди. Ҳиндистон ва Покистон қўшилгандан сўнг ШҲТ дунёдаги энг йирик трансминтақавий ташкилотга айланди, у дунё аҳолисининг деярли ярмини, Евроосиёнинг эса 60 фоиздан кўпроғини қамраб олган.

Иқтисодий ва гуманитар алоқаларни ўрнатиш, савдо, божхона, лойиҳавий фаолият, маданият, фан ва техника, соғлиқни сақлаш, туризм, табиий ёки техноген фавқулодда вазиятларни бартараф этиш каби қатор соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича самарали ҳамкорлик ривожлантирилди. ШҲТнинг муваффақиятли ривожланиши калити шундаки, у ишонч, ўзаро манфаатлар, тенглик, маслаҳатлашув, маданий хилма-хилликни ҳурмат қилиш ва биргаликда ривожланиш истаги билан ажралиб турадиган "Шанхай руҳи"га асосланади.

Ишонч билан айтиш мумкинки, нисбатан ёш бўлишига қарамай, ШҲТ қисқа вақт ичида нуфузли ташкилотга айланди, аъзо давлатлар минтақавий ва халқаро ҳамкорлигининг устувор манфаатлари тузилма кун тартибида тўлиқ қамраб олинган.

Ўзбекистон ҳам Шанхай ҳамкорлик ташкилоти асосчиларидан бири сифатида, бошқа аъзо давлатлар қаторида ташкилот доирасида ҳамкорлик стратегиясини белгилаб беради. Ўзбекистон ШҲТга аъзо давлатлар саъй-ҳаракатларини минтақавий барқарорликни сақлаш, иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш каби жиҳатларга йўналтиришга интилмоқда.

Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланганидан сўнг мамлакатнинг ташқи сиёсатида "ШҲТ йўналиши" сезиларли даражада фаоллашди. Давлатимиз раҳбари ШҲТ доирасида турли соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган қатор муҳим ташаббусларни илгари суриб келмоқда.

Жорий йилнинг 10 ноябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклида ўтган навбатдаги мажлисида Юртбошимиз томонидан бугунги вазият ва мавжуд муаммолардан келиб чиққан ҳолда тараққиётнинг янги босқичи сари етакловчи таклифлар илгари сурилди.

Жумладан, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ШҲТнинг Эпидемия таҳдидларига қарши кураш бўйича қўшма чора-тадбирларнинг комплекс режаси тасдиқланганини маъқуллаб, хавфли инфекцион касалликларнинг тарқалишига қарши ҳамкорликни янада фаоллаштириш, юқумли касалликлар бўйича тиббиёт муассасалари тармоғини яратиш, телемедицина соҳасидаги ҳамкорлик концепциясини ишлаб чиқишни таклиф этди.

Қолаверса, пандемия шароитида савдо-иқтисодий ва нвестициявий алоқаларни ривожлантиришга янги, шу жумладан “ностандарт” ёндашувларни биргаликда ишлаб чиқиш, ШҲТга аъзо давлатларнинг қашшоқликка қарши курашиш ҳамкорлиги дастурини ишлаб чиқиш, шунингдек, уни амалга ошириш бўйича келишилган чораларни ишлаб чиқиш учун Ўзбекистонда халқаро форум ўтказиш, Тошкентда ўтказиладиган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Хатар ва имкониятлар” халқаро конференциясида Афғонистонга унинг Марказий ва Жанубий Осиёни боғлаб турувчи кўприк сифатидаги тарихий ролини қайтаришга хизмат қиладиган транспорт йўлакларини барпо этиш ташаббусларни муҳокама қилиш каби таклифлар иштирокчилар томонидан тўла қўллаб-қувватланди.

Ушбу таклифларнинг барчаси ШҲТ мамлакатларининг ушбу фавқулодда вазиятни биргаликда бартараф этишда ўзаро ёрдам ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эга. Ушбу синовли даврда ташкилот доирасида минтақадаги эпидемиологик вазиятни барқарорлаштиришда ўзаро ёрдам ва манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш бугун ҳар қачонгидан муҳим.

 

 

Ориф ШУКУРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+