ШҲТда Ўзбекистоннинг ўз ўрни бор

17.11.2020 15:11:07

Кейинги йилларда мустақил Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати тобора такомиллашиб, жаҳон ҳамжамиятида ўзига муносиб ўринни эгалламоқда. Давлатимиз раҳбари шу йил сентябрида БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлаган  нутқи дунё сиёсатчилари,  экспертари  ва журналистлар  томонидан катта  воқеа  сифатида баҳоланган  эди.  Давлатимиз раҳбарининг яқинда бўлиб  ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклидаги  навбатдаги мажлисидаги иштироки ҳам  кенг  жамоатчиликда  катта қизиқиш уйғотди. Маълумки, Россия Федерацияси  раислигида ўтган мажлисда Покистон,   Тожикистон, Хитой, Қирғизистон, Қозоғистон, Ҳиндистон раҳбарлари  ҳам  қатнашдилар. Саммитда ШҲТ ҳузуридаги кузатувчи давлатлар вакиллари – Афғонистон, Мўғулистон, Эрон, Беларусь вакиллари ҳам иштирок этдилар.

Учрашувнинг халқаро майдонда катта аҳамият касб этганлигини қатнашчиларга Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш  видеомурожаат йўллаганлигидан  ҳам  билиш мумкин. Чунки саммитда  янги глобал хатар ва таҳдидларнинг кучайиши шароитида ШҲТ доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Ўзаро  муносабатларнинг ҳозирги ҳолатини таҳлили асносида уларни ривожлантириш истиқболлари, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида  Шанхай ҳамкорлик ташкилоти  тараққиётининг принципиал жиҳатдан янги босқичи давом этаётганлигини  алоҳида таъкидлади. Вужудга келган “Шанхай руҳи” бутун дунёда тан олинаётгани ва у янада мустаҳкамлашга муносиб эканлиги қайд  этилди. ШҲТ давр ўртага қўяётган долзарб муаммоларга биргаликда ечим излаш,  Евроосиё минтақасида хавфсизлик, барқарор тараққиётни таъминлаш йўлидан бораётганлиги эътирофга сазовор бўлмоқда.

Президентимиз ўз нутқида одатдагидай, бир қатор  муҳим  ташаббусларни ўртага ташлади Улар  Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилганлиги  билан  аҳамиятлидир. Масалан,  пандемиянинг  оқибатларини юмшатиш мақсадида ШҲТнинг савдо-иқтисодий ҳамкорлик, озиқ-овқат хавфсизлиги ва саноат кооперациясини рағбатлантириш бўйича узоқ муддатли ҳужжатларини қабул қилиш  таклиф  этилди. Бу,  ўзаро  савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни янада кучайтирган  бўларди.

Яна бир ташаббус бугунги кун талабидан келиб чиққан ҳолда олға сурилди.  У ҳам бўлса, ШҲТнинг рақамли саводхонликни ривожлантириш дастурини  ишлаб чиқиш билан боғлиқ. Чунки бусиз иқтисодий ўсишни таъминлашда ахборот технологияларининг роли ортиб бораётган шароитда  юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш ва аҳолини ўқитиш муаммосини ҳал этиб бўлмайди.

Жаҳон миқёсида барчани  ташвишлантираётган  жиддий масала – камбағалликни қисқартириш ҳам эндиликда ўзаро ҳамкорликни талаб этмоқда. Уни мунтазам асосда йўлга қўйиш учун ташкилот  доирасида мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари йиғилишлари механизмини яратиш ва тегишли дастурий ҳужжат тайёрлаш таклиф этилди. Мазкур глобал муаммога қарши курашиш бўйича келишилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш мақсадида мамлакатимиз халқаро форум ўтказишга тайёр экани билдирилди.

Бундан ташқари, хавфли инфекцион касалликларнинг тарқалишига қарши ҳамкорликни янада фаоллаштириш, ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмасини ташкилот маконида хавфсизликни таъминлаш бўйича принципиал жиҳатдан янги вазифаларни ҳал қилишга мослаштириш,   Афғонистондаги тинчлик жараёнларини ва ушбу мамлакатни минтақавий савдо-иқтисодий алоқаларга жалб этишни қўллаб-қувватлаш юзасидан билдирилган таклифлар ҳам халқаро жамоатчилик эътиборини тортди. Ўзбекистон ташаббуси билан 2021 йилнинг апрель ойида Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Хатар ва имкониятлар” халқаро конференциясининг ўтказилиши барча иштирокчилар томонидан маъқуллаб кутиб олинди.

Эътиборли жиҳати шундаки, Президентимиз нутқида кўтарилган масалаларнинг аксарияти саммитда қабул қилинган  якуний ҳужжатларда ўзаксини топди. Бу ҳам Ўзбекистон олиб бораётган оқилона ташқи сиёсатга берилган муносиб баҳодир.

                                                                                     Исроил  ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП    Наманган вилоят Кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+