Шифокорлар шарафланди

23.11.2020 14:11:02

Мана етти ойдирки, бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда коронавирус пандемиясига қарши кураш қизғин давом этмоқда. Бу манфур хасталикдан азоб чекканларни даволаш ва оиласи бағрига қайтаришдек олижаноб ишда ҳеч шубҳасиз, шифокорлар жонбозлик кўрсатмоқдалар. Шунинг учун Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят ташкилотлари саломатлик посбонларининг меҳнатини шарафлашга алоҳида эътибор бермоқдалар. Яқинда бир гуруҳ фаоллар Поп туманида бўлиб, тиббиётчилар билан учрашган эдилар. Ўзаро мулоқотлардан сўнг кўплаб жонкуяр шифокорларга партиямиз ва ҳомий ташкилотларнинг совғалари, Фахрий ёрлиқлар топширилганди.

Куни кеча эса худди шундай тадбир Чортоқ туманида ташкил этилди. Партиямиз  фаоллари туман тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли поликлиникага ташриф буюрдилар. “Ўзбекистон “Адолат” СДП – “Ақлли” тиббиётни ривожлантириш тарафдори” мавзуидаги давра суҳбатида аҳолига хизмат кўрсатишни янада яхшилаш масалалари ҳақида фикр юритилди. Даволаш-профилактика муассасаларида ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан кенг фойдаланиш зарурлиги таъкидланди. Бу борада қилинган ишлар қайд этилиб, олдинда турган муҳим вазифаларга эътибор қаратилди.

Давра суҳбатида  туман партия кенгашининг раиси Ҳабибахон Мирабдуллаева, халқ депутатлари туман кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси Икромжон Мамадибрагимов, шифокор Юлдузхон Дадамирзаева ва бошқалар тиббиёт ходимларининг пандемия давридаги матонатли меҳнати ҳақида сўз юритдилар.

Тадбир ниҳоясида бир гуруҳ саломатлик посбонларига партия туман кенгашининг Фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари топширилди. Давра суҳбатида “Адолат” СДП вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари Ёрқиной Ҳожиматова қатнашди ва нутқ сўзлади.

– Бугунги тадбир биз шифокорларда ажойиб таассурот қолдирди, - дейди кўп тармоқли поликлиника бош врачи Ҳошимжон Абдураҳмонов. – Чунки ҳамкасбларимиз март ойидан бери Гиппократ қасамёдига содиқ бўлиб, кечаю-кундуз тинимсиз меҳнат қилмоқдалар. Барчамизнинг мақсадимиз – юртдошларимиз саломатлигини ишончли муҳофаза қилиш. Ҳар бир тиббиёт ходими ана шу йўлда ўзининг бутун куч-ғайратини, билим ва маҳоратини сафарбар этмоқда. Бугун шифокорлар меҳнати шарафлангани уларни янада руҳлантирди.

                                                                                     Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+