Шукр қилишга ўрганинг

14.02.2024 06:02:37

Имконияти чекланган бўлишига қарамай, турли соҳаларда улкан чўққиларни забт этган инсонлар тўғрисида кўп эшитганмиз. Машҳур бастакор Бетховен туғма ожиз бўлган, таниқли инглиз ёзувчиси Жон Милтоннинг эса 43 ёшида кўзлари кўрмай қолган ва шунга қарамай ўзининг шоҳ асари – “Йўқолган жаннат”ни яратган.
Ҳар гал “Саховат беназир қадрият” лойиҳаси доирасида андижонлик “адолатчилар” билан кўнгли ярим инсонларнинг хонадонига кириб борганда, юқоридагилар ҳақида ўйлайман. Уларни кўриб ибрат оламан. тўрт мучаси соғ инсонларданда юксак орзулари бор, келажакка умидлари боғлайди уларни. Олдинга, ҳар лаҳзада илгарилаб бораётган ҳаётга интилашади. Бир дам бўлсада тинмайди, ҳаракат қилишади. Кимнингдир кўмагига кўз тикмайди, муаммоларига ечим кутмайди. “Қўл билан берганга қуш тўймас” нақлига амал қилишади. Тўғрида, “бер-бер” дегани билан кўмак бир марта берилади, икки марта, борингки уч мартадир. Бироқ ҳар доим ва ҳар қачон уларни еб-ичириш, таъминотини қилиш... “Мени давлат боқадида” деб боқимандалик кайфиятини ўзида шакллантириб олиш яхши эмас.
Андижон шаҳридаги Шифокор маҳалласида яшовчи 1-гуруҳ ногирони Музаффар Ғаниев хонадонига кириб борар эканмиз, юқорида айтганларимга яна бир бор гувоҳ бўлдик. Тўрт фарзанднинг отаси касаллик сабаб тўшакка ётиб қолган. Нима қилиш керак? У аввалига тушкунликка тушсада, ўзига шу саволни берди. Бу савол яқинларини ҳам қийнаётгани аниқ. Ҳаммасини яхшиликка деб билди. Турмуш ўртоғи ва қизларини атрофдагилардан ажралмаган ҳолда ҳаракатда яшашга ўргатди. Интернетдан дардига даво излаш асносида ўзи каби имконияти чекланганлар шуғулланаётган юмушлар билан қизиқди, кузатди.


- Инсон ҳар қандай вазиятда тушкунликка тушмаслиги керак, -дейди Музаффар Ғаниев. - Бу дардингизни оғирлаштиради, жамиятдан ажралиб қолишга олиб келади. Уйдан чиқмасамда, давлатимизнинг бугунги сиёсатини, инсон қадрига бўлган эътиборни кўриб хурсанд бўламан. Янгиликларни доимий кузатиб бораман. Вақти келиб соғайиб кетишимга ишонаман. Асосийси, шукр қилиб яшайман. Бундан оғири ҳам бўлиши мумкин. Дунёни кўриб турганим, яхши одамларнинг кўплиги, оилам менинг бахтим.
Истеъдодсиз инсон бўлмайди, фақат буни сезмайдиганлар бор, деган экан олимлардан бири. Музаффар Ғаниевда ҳам истеъдод бор. Бу унинг ҳаётга доим яхши кўз билан қарашлиги, эртанги кунга ишончи ва яна сўз билан таърифлаб бўлмайдиган руҳининг поклиги, қалбининг тозалигидир. Хонадони шу сабаб доим йўқловчилар билан гавжум.
Эзгулик йўлидаги юришимизга ҳамроҳлик қилган Шифокор МФЙ раиси Фарҳод Умаров туйғуларини яшира олмади:
-Ҳақиқий инсонийлик мана шу. Нолиш нималигини билмайди, дардини ўзгаларга тўкиб – солмайди. Соғайиш ҳақида ўйлаётганининг ўзи бир ибрат. Орамизда арзимас қийинчилик сабаб ношукрлик қилаётганлар қанча? Соғ одам пули бўлмаса, шунга нолиши керакми? Бу оламни кўришимиз, юришимиз, нафас олишимизнинг ўзи катта бойлик эмасми?
Бир танишим доим такрорлагувчи эди: инсон ҳаётининг охирги лаҳзаларида ҳам нафас олишни истаркан, атрофга умид билан қараркан, яна-яна яшагиси келаркан. Бироқ шукур қилишни ҳамма ҳам уддасидан ўтавермас экан. Онгу шууримизга шукрни жойлаш бахт. Бунга истагимиз бўлса бас. Шундай эмасми?

Акбаржон Назаров,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Андижон вилоят кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+