Сифати “аччиқ” ширинлик мактаб ёнида сотилмаслиги шарт

03.09.2019 13:09:31

Юртимизда бозорларимизни сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш юзасидан устувор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айни пайтда дўконларимизда сифат жиҳатидан сертификатланган маҳсулотлар  сотувда эканидан харидорлар ҳам мамнун.

Аммо айрим “тадбиркорлар” томонидан сифатсиз маҳсулотларни четдан олиб кириб, уларни ички истеъмол бозорларида сотиш ҳолатлари учраб турибди. Айниқса, ачинарлиси, мазкур маҳсулотлар савдоси умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим муассасалари атрофида амалга оширилса, бу ҳол ташвишланарлидир. Дейлик, дўкон ёки савдо растаси йўқ жойда ҳам стол қўйиб, боланинг эътиборини ўзига жалб қиладиган ўрамларда ҳар хил ширинликлар, қандолат маҳсулотларини қуёш тиғида, чангда очиқ ҳимояланмаган ҳолда бирор “тадбиркор” сотиб ўтирганини кўрамиз.  Боғча боласи унинг ёнидан бепарво ўтиб кетмайди, албатта. Ота-онасига инжиқлик қилиб бўлса ҳам хоҳлаган ширинликни олиб беришга уларни кўндиради. Мактаб атрофида бундай “тадбиркорлар”нинг бозори чаққон бўлиб қолган ҳолатларни айтмасликнинг иложи йўқ.

Демак, жойлардаги мактабгача таълим муассасалари ҳамда умумтаълим мактаблари атрофида махсус рухсати бўлмаган озиқ-овқат, ширинликлар, қандолат маҳсулотлари сотилишига барҳам бериш айни муддаодир. Уй шароитида тайёрланган (қачон тайёрланганлиги номаълум) сомса, ширинлик, салат каби егуликларнинг сифат жиҳатидан белгиланган талабларга жавоб бермаслиги бир қарашдаёқ  яққол кўринади. Сифатсиз егуликнинг бола соғлигига хавф туғдирмаслигига ким кафолат бера олади?

Юртимиз фарзандларининг соғлиғини муҳофаза қилиш масаласига Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг дастурий мақсадлари сирасига киради. Шу маънода партиянинг янги дастурида сифатсиз маҳсулотлар савдосига барҳам бериш, айниқса, таълим-тарбия даргоҳлари атрофида озиқ-овқат маҳсулотлари сотишни тартибга солиш юзасидан назорат ўрнатиш вазифаси белгиланса, деймиз Шу орқали юқоридаги каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мумкин.

Дилфуза ЖЎРАЕВА,

“Оила” илмий-амалий тадқиқот  маркази

Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли  

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+