Синовли оламда одам бўлайлик

14.04.2020 11:04:32

Бу дунё бани башарни кўп синовларга дучор қилган. Аммо бугунги ҳолат бутунлай бошқа. Хитойнинг кичкина бир шаҳарчасидан тарқалган янги коронавирус эпидемияси қисқа муддатда бутун дунёни эгаллаб, пандемияга айланди.

Ҳар доим ҳам дунёни катта-катта инқирозлар ишғол қилган. Аммо бу биз билган инқирозлардан катта фарқ қилувчи Covid-19 бутун Ер шарини чангаллаб олди. У туфайли ҳатто энг кучли давлатлар ҳам улкан йўқотишларга учрамоқда. Иқтисодиёт, соғликни сақлаш, хавфсизлик борасида турли чоралар қўлланилмоқда. Мақсад битта - бугун деярли барча мамлакатлар дард чангалидан энг кам талофатлар билан чиқиб олиш учун кураш олиб бормоқдалар.

Мамлакатимизда биринчи ҳолат аниқлангач, тезкор чоралар кўрила бошланди. Ҳукуматимиз раҳбари томонидан фуқароларни бу эпидемиядан имкон қадар ҳимоя қилиш учун қарорлар қабул қилинди. Энг аввало болалар, кексалар, ёрдамга муҳтожлар учун эҳтиёт чоралари кўрилди. Иқтисодий жиҳатдан ҳам керакли тадбирлар амалга оширилди. Бугунги кунда эълон қилинган карантин ҳам имкон қадар аҳоли ўртасида зарарланишни камайтиришга қаратилгандир.Энди ҳамма гап ўзимизда қолди.

Дастлаб, одамлар анча йиллардан буён биринчи марта бундай оммавий кўргиликка дуч келганликлари учун ваҳимага тушиб қолишди. Бу ваҳима ижтимоий муаммоларни келтириб чиқарди. Бозорларда нарх кўтарилиши, озиқ-овқат заҳираси тугаб қолиши сингари фикрлар одамларни довдиратиб қўйди. Аммо хукумат томонидан ўз вақтида кўрилган кескин чоралар ва аҳолига тўғри тушунтириш, етарли ахборот бериш бу ваҳималарни анча чекинтирди.

Бугун коронавируснинг бутун дунёдаги зарари ҳақида барчамиз маълумотлар олиб турибмиз. Аммо бир нарса кўп ўйлантирмоқда. Карантин бутун дунёда эълон қилинди. Давлатлар ўз фуқаролари саломатлиги учун кескин чораларни ҳам қўлламоқда. Чунончи юртимизда эълон қилинган карантин чора-тадбирлари ҳам аҳоли саломатлиги учун уйда қолиш, фақат зарурий эҳтиёжлар учун кўчага чиқишни талаб қилмоқда.

Аммо бу хавфни жиддий қабул қилмай, гуё “бу касаллик мени четлаб ўтади” деган хомҳаёл билан юрганлар орамизда учраб турибди. Уларнинг ҳатти-ҳаракати, эътиборсизлиги кечирилмас хатоларга сабаб бўлиши мумкин. Кўпроқ бу хасталик билан катта ёшдаги ва сурункали касали бор инсонлар зарарланаётгани ҳисобга олсак, айнан шу “иммунитетим кучли, менга ҳеч нарса қилмайди” дейдиганлардан масъулият кўпроқ талаб қилинади. Чунки карантин талабларига риоя қилмай бемалол юришлари боис вирус ташувчига айланиб қолишлари ҳеч гап эмас.

Яна бир гап, карантин қонун-қоидаларига риоя қилмаётганлар учун бу гуёки уларнинг шахсий эркинликлари, ёки ҳақ-ҳуқуқларини чеклашдек кўриниши мумкин. Ҳатто гувоҳи бўлаяпмизки, бозор ёки автомобил йўлларида давлат органи ходимларига буйсунмай, ўзбошимчалик қилаётганлар ҳам учраб турибди. Жамият манфаати, ундан ҳам аниғи, умумхалқ ҳаётига хавф туғилаётган бир пайтда аксарият шахсларнинг худбинлиги жиноят билан тенг. Бундай пайтда жамоатчилик назорати, элнинг тарбия кучи катта рол ўйнаши зарур.

Тўғри, кўзга кўринмас хавф туфайли инсоният ҳаётида жуда катта ўзгаришлар рўй берди. Бир ҳафта кейинга, бир ой кейинга белгилаган режаларимиз ўз-ўзидан бузилиб кетди. Бундан қанчалик асабийлашган бўлсак ҳам, мана бир неча кунлик иҳоталаш туфайли одамлар шиддатли ҳаётда йўқотаёзган ҳислатлари – бошқалар ҳаётига бефарқ бўлмаслик, ўзаро ёрдам ва раҳм-шавқат қайта уйғонмоқда. Юртимизда шифокорларни, ички ишлар ходимларини ва айни шу кунда хизмати сингаётган бошқа соҳа ходимларини олқишлар, қўллаб-қувватлашлар инсонлар ўртасида илиқликни, маънан яқинликни пайдо қилди.

Дунё олимлари бу янги вирусга қарши вакцина ишлаб чиқаришга ҳаракат қилишмоқда. Турли тажрибалар хам бошлаб юборилган, бироқ уларнинг қанчалик самарали эканлигин аниқлаш учун ҳам ойлар керак бўлади. Олимлар янги коронавирус бўйича билимлар орттирмоқдалар. Ўтган ҳафтада далда берувчи хабарлар ҳам пайдо бўлди. Мисол учун, одатда аксарият вируслар ҳайвонлар ёки инсон танасида кўпайиб кетганда мутацияга учрайди. Олимларнинг таъкидлашича, коронавирус мутацияга жуда секинлик билан учрамоқда. Агар ушбу кузатувлар тасдиқланса, бу узоқ вақт давомида одам иммунитетини бу вирусга қарши юқори даражада чидамли қилиш учун битта вакцина етарли ва фойдали бўлиши мумкинлигини англатади. Демак, дунё ҳамжамияти ягона душман олдида бирлашгани аниқ.

Тасаввур қилинг, бутун дунё – миллати, дини, ирқи, келиб чиқишидан қатъий назар бир қайиқда сузаётгандек, уларнинг дарди ва ташвиши бир бўлиб қолди. Бу балога ҳаммадан олдин дучор бўлган Хитойда вазият анча чекиниб, карантин чоралари секин-аста юмшатилмоқда. Тажрибадан ўтказганликлари учун энди улар бошқа давлатларга қўлдан келганча ёрдам беришмоқда. Демак, уларнинг мисолида кўриш мумкинки, халқ бирлашса, балоларни албатта енгади.

Инсоният ўтган 4 ой давомида катта синовдан ўтди. Бутун дунёда жуда катта қурбонликлар берилди. Биз жуда кўп жиҳатдан ўзлигимизни англашимиз, ҳақиқий инсонийликни сақлаб қолиш учун қайта тарбиялашимиз кераклигини англадик.

Гулнора АҲМЕДОВА,

Халқ депуталари Тошкент вилоят кенгаши депутати,

Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази

вилоят бўлими раҳбари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+