Сиёсий куч ўз сўзига амал қилади

07.11.2019 12:11:44

Ўтаётган ҳар бир кун бизни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий вакиллик органлари депутатлигига бўлиб ўтадиган сайловларга тобора яқинлаштирмоқда. Ана шундай ҳам масъулиятли, ҳам ҳаяжонли жараённи мамлакат ижтимоий-сиёсий тараққиётига ўз таъсирини кўрсатишга қодир муҳим таклифлар, амалий ёндашувлар ва ислоҳатлар жараёнига бевосита дахлдор қонунчилик ташаббуслари билан ўз тарафдорларга эга бўлаётган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси сафлари мустаҳкамланган, барча бўғинларда ўзаро ҳамкорлик кучайган,  фаоллик ва масъулият шаклланган бир шароитда кутиб олмоқда.

Бу йилги сайловларга биз катта тайёргарлик кўрганмиз. Албатта, сайловга тайёргарлик номзод танлашдан бошланади. Хабарингиз бор, бу борада Ўзбекистон “Адолат“ СДП томонидан "Онлайн номзод" лойиҳаси орқали ўз номзодини қўймоқчи бўлган фуқароларга  қулайлик яратиш мақсадида онлайн тарзда партия билан боғланиш ва номзодини кўрсатиш имконияти  яратилган. Айтиб ўтиш лозимки, бу ишларини йўлга қўйилгани заҳира номзодлар рўйхатини шакллантиришимизда ўз самарасини берди.

Энг аввало халқ дардини ҳис қила оладиган, билими ва дунёқараши кенг, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларга бефарқ бўлмаган, дахлдорлик ҳисси шаклланган муносиб номзодларни саралашга эътибор қаратдик, чунки сайловчилар учун депутатларнинг қуруқ савлати эмас, амалий ишлари,  сиёсий  қатъиятлилиги, курашчанлик лаёқати керак.

Шу мақсадда, амалдаги депутатларимизнинг ҳам беш йиллик фаолияти чуқур таҳлил этилди, фаол, ташаббускор, халқ манфаати ва юрт равнақи йўлида фидоийлик билан фаолият юритган энг муносибларини қайта номзод сифатида кўрсатяпмиз.

Номзодларни танлашда хотин-қизлар ва ёшларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бу йилги номзодларимизнинг 45 фоизи аёллардан иборат. Соҳалар бўйича оладиган бўлсак кўрсатилаётган номзодларнинг 35 % таълим, 23 % соғлиқни сақлаш, 18 % иқтисодиёт, 9 % суд-ҳуқуқ, 6 % қишлоқ хўжалиги, 5 % тадбиркорлик соҳаси ходимлари бўлса қолган 4 % номзодлар турли соҳа вакилларидир.

Сайловчилар биздан чиройли шиорларга ўралган қуруқ ваъдаларни  эмас, амалий ишларни кутаётган бир вақтда, қачонки, биз одамларни ўйлантираётган муаммоларга ижобий ечим топа олсак, ташаббусларини амалга оширишлари учун жонбозлик кўрсатсак, шундагина улар бизни тан олади, сафимизга қўшилади.

Шундан келиб чиққан ҳолда, партия вилоят Кенгаши томонидан депутатлик гуруҳи аъзолари, партия фаоллари ҳамда депутатликка заҳира номзодлар иштирокида партиянинг “Адолат қонун устиворлигида” ҳамда “Сиёсий билимларни мустаҳкамлаш – демократик жамият пойдевори” лойиҳалари доирасида ҳар ҳафтанинг сешанба ва чоршанба  кунларида маҳалалаларда аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар ўтказилиб, аҳоли мурожаатлари тингланмоқда. Фуқаролар томонидан ўртага ташланган масалаларга мутасадди ташкилотлар эътиборини қаратаган ҳолда ечим топиш йўллари изланмоқда.

Албатта, халқ ишончини қозониш, дастурий ғоя ва вазифаларни адо этиш мақсадида  бел боғлаган ҳар бир сиёсий куч ўз сўзига амал қилмоғи, ишончни оқламоғи лозим. Ишонч эса, масъулият ва куч бағишлайди. Улар ёрдамида жуда кўп ишларни амалга оширишимиз мумкин.

Муҳиба БАБАБЕКОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+