Сиз қандай касб танлайсиз?

23.02.2024 13:02:42

Ҳаётимизга замонавий касблар кириб келмоқда. Бу танлаш имкониятини кенгайтириш билан бир вақтда катта масъулиятни ҳам талаб этади. Ҳар бир соҳанинг ўзига хос сир-асрорини билиш, ўзлаштириш асносида касб танлаш, унга йўналтириш борасида қанча кўп фикр юритмайлик, ҳаётда ким бўлишни ҳеч ким олдиндан белгилай олмайди. Ҳатто ота-она ёки янги ҳаётга қадам қўйиш арафасида турган битирувчи ҳам. Буни самарали ҳал қилишни биргина ёшларнинг ўзига ташлаб қўйиш ҳам тўғри эмас.
Психологларнинг таъкидлашларича, аксарият касб танлаш босқичида бўлган йигит-қиз бу масалага бефарқлик билан қарайди. Сизга танлаган касбингиз мос ёки мос келмаслигини аниқлаш учун мутахассислар билан маслаҳатлашиш зарур. Касбга йўналтириш бўйича қулай тестлар билан ишлаш ҳам мақсадга мувофиқ.
Андижон давлат университетида Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон шаҳар кенгаши ташаббуси билан ўтказилган давра суҳбатида юқоридагилар хусусида сўз юритилди. Иштирокчиларга мавзу юзасидан тушунча берилди. Таъкидланишича, айрим ёшлар танлаган касбларини фақат ижобий томонларини ёки аксинча, салбий жиҳатларини кўрадилар. Бу борада ота-оналар фарзандларига ёрдам беришлари керак. Мактаб битирувчиси ўз хоҳишларини тизимлаштириши шарт. Танлаган касби бўйича синаб кўриш эса ижобий самара беради.
Мўътабар Содиқова, Андижон давлат университети ўқитувчиси:
—Ҳар бир инсонни аниқ танлови билан бирга қўшимча эътиборга олиши керак бўлган касби бўлиши керак. Ҳаётнинг қандайлигини олдиндан айтиб бўлмайди. Ҳар қандай ҳолат юз бериши мумкин. Кимдир танлаган университетига билими етмай ёки қобилияти сабаб кира олмаган чоғ тушкунликка тушиши нотўғри. Мақсадга эришгунга қадар бошқа бир касбда ишлаш мумкин. Шундай вақтда ота-она томонидан бериладиган маслаҳатлар фойдали. Бироқ уларнинг фикри якуний қарор бўлмаслиги керак. Ҳамма вақт касб танлашда оилавий анъанани давом эттириш шарт эмас. Асосийси, ҳар бир инсон ўзи ёқтирган касб эгаси бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим. Шунда муаммолар осонроқ ечилади.
Давра суҳбати давомида иштирокчиларнинг фикрлари эшитилди. Катта ҳаёт майдонига кириб келаётган ёшларга танлаган касбини эгаллаш йўлида ортга чекинмаслик юзасидан тавсиялар берилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Андижон вилоят кенгаши
Матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+