Сизга ёрдам керакми? Тайёрмиз!

23.09.2019 19:09:42

Уйма-уй юриш... Биргина мана шу жумланинг ўзида бугун юртимизда инсонпарварлик нуқтаи назаридан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг моҳияти мужассам. Маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, ёшлар таълим-тарбиясига эътиборни ошириш бўйича шаҳар ҳокимлиги томонидан тузилган ишчи гуруҳларнинг фаолияти ҳам айнан уйма-уй юриб, фуқароларнинг муаммоларини тинглаш, уларни ижобий ҳал этилишини таъминлаш, моддий ва маънавий кўмак беришдан иборатдир.

Хонадонларга ташрифларимиз чоғида тўрт мучаси соғ-саломат, забардаст ўғил фарзандлари бор, топиш-тутиши ўзига етиб турган бўлса-да бепул уй-жой, моддий ёрдам сўраётганларни учратдик. Шу билан бирга моддий қийин аҳволда яшаётган бўлса-да, борига сабр қилиб, қўни-қўшни, маҳалла аҳлидан ҳаё қилиб, давлат идораларидан бирор нарса талаб қилишга ийманиб турган, аслида яшаш тарзи бир аҳволдаги инсонларга гувоҳ бўляпмиз. Муаммонинг ечимига чора излаб, нима қилишини билмасдан сарсон бўлиб турган фуқароларга йўл-йўриқлар кўрсатиляпти, амалий ёрдам берилмоқда.

Ҳокимлик, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва тиббиёт, коммунал соҳа ходимлари, имом-хатиб, нуронийлар, Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят, шаҳар Кенгаши ва бошқа жамоатчилик вакилларидан иборат ишчи гуруҳи аъзолари ўтган кунлар давомида “Кулоллар”, “Амир Темур”, “Устозлар”, “Чашма” ва бошқа маҳаллаларда бўлиб, таълим муассасалари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, аҳоли хонадонларида бўлиб, мавжуд муаммоларни ўрганди. Шу билан бирга, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришга қаратилган тарғибот тадбирлари ҳам ташкил этилди. Жумладан, сартарошхона, гўзаллик салонлари, ошхона, савдо дўконларининг аҳолига хизмат кўрсатиш сифати, белгиланган ижтимоий-иқтисодий ҳамда маънавий талабларга мувофиқ фаолият кўрсатаётгани мутахассисларимиз томонидан назоратга олинди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан амалий ишлар олиб борилди. Давлат идораларининг кўмагисиз ечилиши қийин бўлган муаммолар бўйича сектор раҳбарларига тақдимномалар киритилди.

Маҳаллалардаги кам таъминланган, ногиронлиги бўлган фуқаролар хонадонларида ҳам бўлиб, улардан ҳол-аҳвол сўрадик, муаммоларини ўргандик. Жумладан, “Устозлар” маҳалласида синглиси Маърифат Роупованинг хонадонида яшаб келаётган, 2-гуруҳ ногирони Мартаба Роупованинг ҳолидан хабар олдик. Маърифат Роупованинг уч нафар вояга етмаган фарзанди бор, ўзи опасига қараётганлиги туфайли бирор жойда ишлолмаяпти. Болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қўйиш, ногирон опасига зарур дори-дармонлар билан таъминлашда моддий қийинчиликни бошдан кечиришмоқда.

“Чашма” маҳалласи Сузангарон кўчаси 183-уйда истиқомат қилиб келаётган Майсара Кулизода бор куч-ғайрати, меҳрини 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган турмуш ўртоғи Равшан Кулизода, қизи Истода Кулизодаларнинг парваришига бағишлаган.

- Иродам етганча жигарларимнинг дардига малҳам бўлишга ҳаракат қилиб келяпман, - дейди Майсара Кулизода - Худо берган дард, ноиложмиз. Бироқ, доимий равишда харид қилаётган дориларимизнинг нархи ҳам анча баланд. Ногиронлик нафақа пулларини доимий равишда мунтазам олиб турибмиз, аммо у ҳам етмайди. Шифокорлар келиб, ҳолимиздан хабар олиб турибди, лекин зарур дориларни сўрасак имкони йўқлигини айтишяпти. Моддий ёрдамга, яхшиларнинг кўмагига муҳтожмиз.

Бир сўз билан айтганда, халқ орасида юриб, улар билан юзма-юз мулоқотимиз юртдошларимизни хурсанд қилмоқда, эртанги кунга ишонч ортмоқда.  Улар давлатимиз олиб бораётган оқилона сиёсатдан беҳад миннатдор бўлишмоқда. Шу нуқтаи назардан айтишимиз мумкинки, меҳр, эътибор ва ғамхўрликка муҳтож инсонларнинг эшигини қоқиб кириб бориш, барчамизнинг бурчимизга айланиши лозим.

Нодира РАЖАБОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Аёллар қаноти раиси,

 Самарқанд шаҳар аёллар ижтимоий мослашув маркази раҳбари,

ишчи гуруҳ аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+