Собитқадамлик ва изчилик – асосий масала

24.08.2020 11:08:54

Туманимиз кўп жиҳатдан Наманган вилоятида етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Айниқса, Истиқлол йилларида иқтисодиёт янада ривожланди, аграр соҳа равнақ топди, қурилиш, кичик ва ўрта бизнес мавқеи ошиб бормоқда. Бу, албатта, ўз навбатида аҳоли турмуш фаровонлиги юксалишига катта ҳисса бўлиб қўшилмоқда. Диққатга сазовор томони шундаки, бундай қувончли ўзгаришларда партиядошларимизнинг  фидокорона меҳнати ҳам ўз аксини топмоқда.

Буни рақамлар ёрдамида ифодаласак, кейинги йилларда туманда партиямизнинг нуфузи сезиларли даражада ошганлиги яққол кўзга ташланади. Айни пайтда  сафдошларимиз сони икки ярим минг нафарга етди. Бу эса 2019-2020 йилларда ўсиш қарийб икки баробарни ташкил этганини билдиради, 32 та бошланғич партия ташкилотига бирлашган “адолат”чиларимиз сайловолди дастуримизда олға сурилган вазифаларни тўла-тўкис адо этиш йўлида астойдил изланмоқдалар.

Дарвоқе, кейинги даврда эришган жиддий натижаларимиздан бири-ўтган йил декабрида бўлиб ўтган сайловларда беш вакиллимиз халқ депутатлари  туман кенгаши депутати мақомига эришганлигидир. Шу туфайли илк бор кенгашда “Адолат” СДП гуруҳини тузиш имкониятига эга бўлдик. Бугунги кунда  беш кишидан иборат гуруҳимиз пухта ўйлаб тузилган режа асосида собитқадамлик ва изчиллик билан иш олиб бормоқда. Мулоҳазаларни рўёбга чиқариш диққат марказида турибди.

Агар депутатларимиз меҳнат фаолиятига назар ташласак, уларнинг барчаси одамлар билан ишлашни яхши биладиган, сиёсий ва маънавий-маърифий жиҳатдан етук инсонлар эканлиги маълум бўлади. Масалан, Ферузахон Абдуллаева - педагог, чорак асрдан зиёд вақтдан бери бошланғич таълим ўқитувчиси бўлиб ишлайди. Икромжон Рўзиматов эса “Қўғай ўлмас” маҳалла фуқаролар йиғини раиси, аҳоли ўртасида катта ҳурмат-эътибор қозонган. Муҳаррамхон Ибрагимова эса “Эшон тўпи” МФЙ масъул котиби вазифасини бажариб келади. Сайёра Валиева 23-умумий ўрта таълим мактабига раҳбарлик қилади.

Биз ҳар ҳафта аввалида телефон орқали боғланиб, ўтган етти кундаги  фаолиятимизни муҳокама қиламиз. Тўпланган яхши тажрибани ўзаро ўртоқлашамиз. Албатта, навбатдаги режалар ҳақида ҳам фикр алмашамиз. Мана шундай ҳамжиҳатлик ва аҳиллик, бамаслаҳат иш тутиш яхши натижалар бермоқда. Бундай услуб айниқса, жамоатчилик назоратини амалга оширишда, халқ депутатлари туман кенгашидаги  партия гуруҳи фаолиятини йўлга қўйишда қўл келмоқда. Йил бошидан бери деярли ҳар ойда турли хил масалаларни кўриб чиқамиз. Масалан, мартда депутатларимиз фаолларимиз билан биргаликда жойларда ободончилик ва озодагарчилик ишлари қандай йўлга қўйилганлигини ўргандилар. Айнан ўша пайтда коронавирус пандемияси бошланганлиги учун масала янада долзарблик касб этди. Ўрганиш партиямизнинг “Саломатлик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси асосида ташкил этилганлиги яхши самара берди. Мавжуд ҳолат, соҳада йўл қўйилаётган камчиликлар тўғрисидаги маълумотнома дастлаб гуруҳ йиғилишида кўриб чиқилди. Унда мутасадди ташкилотларнинг раҳбарлари, МФЙ раислари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Айнан шу йиғилишда масаланинг ниҳоятда долзарб эканлигини ҳисобга олган ҳолда кенгаш сессиясида кўриб чиқиш учун тайёрлаш юзасидан фикрлар билдирилди. Бу, бизга ҳам маъқул тушди ва халқ депутатлари туман кенгаши эътиборига ҳам юқоридаги материаллар янада тўлдирилган ҳолда ҳавола этилди. Муҳокамада тумандаги аҳоли пунктларида  атроф муҳит тозалиги, аҳолининг санитария маданиятини ошириш, ободончиликни кенг миқёсда йўлга қўйиш, маиший чиқиндилар билан ишлашни такомиллаштириш каби йўналишларда кўпдан-кўп таклиф-мулоҳазалар билдирилди. Қабул қилинган қарорда  мазкур соҳадаги ҳолатни тубдан ўзгартиришга қаратилган вазифалар белгилаб берилди. Ҳозир уларни бажариш юзасидан кенг миқёсдаги ишлар олиб борилмоқда. Партия гуруҳимиз аъзолари жамоатчилик назоратини  амалга оширмоқдалар.

Биз яқинда депутатларимизнинг биринчи ярим йилдаги фаолиятларини таҳлил қилиб чиқдик. Бунда “Адолат” СДП туман кенгаши фаоллари ҳам қатнашдилар. Улар тақдим этилган ҳисоботларни  кўриб чиқиш билан кифояланмасдан, сайловчилар ўртасида сўров ўтказдилар. Улар ўзлари сайлаган вакилларнинг  ишига холис баҳо бердилар.

Якунлар чиқарилганда, 27-Нуробод сайлов округидан сайланган Ферузахон Абдуллаева энг юқори натижага эришгани маълум бўлди. У ўтган давр мобайнида аҳоли  талаблари  асосида мутасадди ташкилотларга  10 та депутатлик сўрови киритган. Уларнинг ҳаммаси ўз вақтида  кўриб чиқилгани ва диққатга сазовордир. Масалан, “Нуробод”, “Исломобод”, “Наврўз”  маҳаллалардаги  қатор кўчаларда изчилик сув таъминоти қайтадан йўлга қўйилди. Яна бир неча ҳудудда табиий газ таъминотини яхшилаш юзасидан бўлган мурожаатни ҳал этишга ҳам киришилди. Қишки мавсумга қадар 100 га яқин хонадонда “зангора олов” порлай бошлайди.

Ферузахон коронавирус пандемияси даврида ҳам фаолликни сусайтиргани йўқ. Аксинча, сайловчилар билан мулоқотлар янада барқарорлашди. Хусусан, кам таъминланган оилаларга  моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш диққат марказида бўлди. Бундай эзгу тадбирларга маҳаллий ишбилармонлар, корхона ва ташкилотлар жалб этилди. Ўзи ҳам хайрия ишларидан четда қолмади.

Ҳозиргача ўзи ҳомийликка олган ҳудуддаги 50 та ночор хонадонга  5-6 мартадан ёрдам кўрсатди. Уларга озиқ-овқат, дори-дармонлар, тиббий ашёлар етказиб берилди. Карантин даврида қийналган аҳоли қатламига давлат томонидан ажратилган маблағларни  тақдим этишда ижтимоий адолат ўрнатиш мақсадида депутат назоратини йўлга қўйди. Натижада  маҳаллалардан бирида юз берган камчиликлар оқибатида  фуқаролар йиғини раиси истеъфо беришга мажбур бўлди.

Бундан ташқари, Ф.Абдуллаева карантин даврида савдо тармоқларида, дорихоналарда нархлар ошиб кетмаслиги учун мунтазам назорат олиб борди. Аниқланган камчиликлар ўз вақтида ҳал этилгани ҳаммани мамнун этди. Аҳоли хонадонларидаги томорқа майдонларидан унумли  фойдаланиш масаласи ҳам назоратга олинди. Бунда партиямиз фаоллари ҳам қатнашдилар. Эҳтиёжмандларга уруғлик ва кўчатлар ҳам етказиб берилди, “Нуробод” маҳалласида яшовчи Малоҳат Алиматова каби миришкор деҳқонлар тажрибаси кенг оммалаштирилгани яхши самара берди.

Йилнинг биринчи ярмидаги фаолият якунлари бўйича ўтказилган муҳокамадан барча депутатларимиз тегишли хулосалар чиқариб олдилар. Чунки очиғини айтганда, ўтган ойларда эришилган натижаларга  нисбатан фойдаланилмаган имкониятлар кўп. Ҳозир бутун куч-ғайратни уларни ҳам ишга солишга, фаолликни янада кучайтиришга, сайловчилар билан алоқаларни янада мустаҳкамлашга сафарбар этмоқдамиз.

Сарбаржон ШОКИРОВ,

халқ депутатлари Учқўрғон туман

кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+