Соғлиғимиз посбонларини тажовузлардан ҳимоя қилиш - бугуннинг талаби

01.11.2022 15:11:44

Ижтимоий тармоқларда юртимизнинг қайси бир чеккасида ёки марказда тез ёрдам бригадаси ходими уриб ташлангани, лекин урган фуқароларга чора кўрилмагани изоҳи билан видеотасвирлар тарқалгани хусусидаги хабарлар тез-тез учраб тураётганлиги ҳеч биримизга сир бўлмай қолди. Унда тиббиёт ходимининг фуқаро томонидан калтаклангани, тан жароҳатлари етказганлиги ҳар биримизнинг кўнглимизда бир оғриниш пайдо қиладики, бу эса жамиятимизда баъзи тарбиясиз шахсларнинг ўз ҳаддидан ошаётгани, унинг қонунларимизда белгиланган енгил жазо билан қутулиб қолаётганлиги бор гап. Айтиб ўтиш жоизки, куни кеча ижтимоий тармоқларда вилоятнинг Денов туман шифохоналаридан бирида тиббиёт ходимининг ўз фарзанди олдида аёвсиз калтакланишини ижтимоий тармоқларда жуда кенг муҳокамаларга сабаб бўлдики, бу эса қонунчиликда тиббиёт ходимларига бўлаётган тажовузларга кескин барҳам берилиши зарурлигини яна бир карра исботлади..

Инсон ҳаёти давомида турли касалликларга чалиниши табиий ҳол. Бемор бўлмаган, шифокор ва табиб ёнига бормаган кимсанинг ўзи йўқ бўлса керак. Одам туғилиши билан кўз очиб кўрган биринчи одамлари ҳам - онаси ва шифокор бўлади. Бирор жойи оғриган кишига дунё тор бўлиб югурганича шошган жойи эса - шифохона.

Тиббиётчилар боғча, мактаб чоғимиздан бизни соғлом бўлишимизни назорат қилиб борадилар. Улғайган сари уларнинг бизга яқин дўст эканлигини англаймиз. Шундай экан ҳар қадамда ёрдамига муҳтож бўлиб қоладиган соғлиғимиз учун масъул касб эгаларига қўл кўтармоқлик ҳеч қайси жамият қонунларига тўғри келмайди!?

Ҳа, бугунги кунда энг оғриқли масалаларимиздан бири бу беморлар ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан тиббиёт ходимларига ғайриқонуний равишда тажовуз қилиниши бўлмоқда. Соҳада мавжуд бўлган яна бир муаммолардан бири — бу тиббиёт ходимларининг касбий мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилиш, уларнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказишга уриниш ҳолатларининг кўпайиб бораётганлигидир

Тўғриси, жамиятнинг зиёлилар синфига мансуб, фаолияти инсонларга яхшилик қилишдан иборат бўлган тиббиёт ходимининг аҳоли томонидан уриб калтаклангани ва унинг фаолиятига тўсқинлик қилинаётгани ақлга сиғмайдиган ҳолатдир.Лекин айрим вазиятларда ҳеч.қандай айби бўлмасада, беморнинг ўлими ёки соғлиғи ёмонлашишида шифокорни сабабсиз айблаш ва унга тажовуз қилиш салбий натижалар бермоқда. Масалан, тиббиёт ходимларининг кенг жамоатчилик ўртасидаги обрўси пасайишига, шифокорларнинг меҳнатга, ўз фаолиятига муносабати ўзгариб, ўз касбидан безиш ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Бугунги кунда хизмат вазифаси пайтида беморнинг яқинлари томонидан тажовуз қилинган ёки ҳақоратланган тиббиёт ходимининг ижтимоий ва ҳуқуқий муҳофазаси юзасидан меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқиш пайти келганлиги ҳар томонлама ўз исботини бераётганлиги ва шунингдек, яна масъулиятли касб эгаларига нисбатан бугунги жамиятнинг муносабатини ўзгартиришга ҳаракат қилиш лозимлигини даврнинг ўзи талаб қилмоқда..

Шу хусусда Ўзбекистон «Адолат» СДП бир неча йилдан буён Тиббиёт ходимлари фаолияти кафолатларини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш, уларни ижтимоий муҳофаза қилишнинг аниқ механизмларини жорий этиш ҳақидаги Қонунни қабул қилиш зарурлиги тўғрисида таклифлар билдириб, мунтазам ОАВ ва ижтимоий тармоқларда бонг уриб келаётганлигини кенг жамоатчилик тасдиқлайди. Яъни, бунда партия вакиллари, депутатлар, фаоллар айниқса, тиббиёт ходимларини ўз электоратининг асосий қисми деб белгилаган сиёсий партия вакиллари бу борада бир неча марта ўз ташаббуслари билан такрор-такрор кенг омма ўртасида ўз таклиф-мулоҳазаларини билдиришган эди.

Шу билан бирга соғлиқни сақлаш тизимида ҳали амалга оширилиши лозим бўлган талайгина вазифалар борлиги ва уларнинг ечими юзасидан ҳам тадбирларда ва йирик анжуманларда алоҳида қайд этилиб келинади. Хусусан, мамлакатимиз ҳудудларида истиқомат қилаётган аҳоли қатламларининг барчасига бирдек сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятини яратиш, соҳани жаҳон стандартларига мос равишда янада такомиллаштириш зарурати долзарб муаммо бўлиб ҳал этиш масалалари туман ва вилоят Кенгашлари сессияларига бир неча бор тақдим этилган.

Соҳада мавжуд бўлган муаммолардан бири — тиббиёт ходимларининг касбий мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилиш, уларнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказишга уриниш ҳолатларининг кўпайиб бораётганлиги эса соҳа мутахассисларининг касбий фаолиятига жиддий зарар етказаётганлигига сабаб бўляпти. Бир неча муддат аввал тиббиёт ходимларининг касбий амалиётини бажаришига тўсиқ бўлаётган ва уларнинг ҳаёти ҳамда соғлиғига таъсир қиладиган ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун жазо муқаррарлигини таъминлаш мақсадида «Адолат» СДП фракцияси томонидан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳаси тайёрланиб кенг жамоатчилик муҳокамасига ҳавола этилган эди.

Ана шулардан келиб чиқиб куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимчалар киритишга оид қонун лойиҳаси кўриб чиқилаётганлиги матбуотда ва ижтимоий тармоқларда хабар берилди. Мазкур янги киритилаётган 197-7-моддага кўра, тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки шу мақсадда тиббиёт ходимига турли шаклда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш — фуқароларга БҲМнинг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса — етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши белгиланмоқда ва ушбу ҳуқуқбузарликларни жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 3 кунлик муддатда кўриб чиқиш таклиф қилинмоқда.

Маълумотда келтирилишича ўтган 2019-2022 йиллар давомида Ўзбекистонда 290 га яқин ҳолатда тиббиёт ходимларига нисбатан турли шаклдаги тажовузлар қилинган.

Шуни айтиб ўтиш жоизки, барча ривожланган давлатлар МЖТҚда тиббиёт ходими фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун алоҳида жавобгарлик назарда тутилган.Яна шунингдек, қонун лойиҳасида илгаригидек маҳаллий ҳокимликлардаги масъулларга ҳам тиббиёт ходимларига ўз хизмат вазифасига кирмайдиган вазифаларни юклатиши хам чекланади. Бу эса амалда ўз фаолиятидан чекиниб кераксиз юмушларга чалғимаслик ва бунинг баробарида бемор учун зарур бўлган вақтда унинг ёнида бўлиш имкониятини беради.

Шунингдек, мазкур норматив ҳужжатда тиббиёт ходимларининг касбий фаолияти хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ўз хизмат бурчини бажариши муносабати билан шахсга ёки унинг яқин қариндошларига нисбатан тажовуз қилишга қарши профилактик чораларни кўриш мақсадида киритилаётган мазкур норма ҳуқуқбузарнинг ўзи томонидан ҳам, бошқа шахслар томонидан ҳам шу каби ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга йўналтирилганлиги билан аҳамиятлидир.

Бу эса жамиятимиз томонидан тиббиёт ходимларига нисбатан зўравонлик ҳолатларига муттасил қарши курашиб келинишини ва барча юртдошларимизга уларнинг саломатлигини сақлаш йўлида меҳнат қилаётган тиббиёт ходимларининг ҳақ-ҳуқуқлари ва инсонлик шаънига ҳурмат билан қараш лозимлигини яна бир бор эслатиб ўтади.

Рустам Ҳамроев,

Ўзбекистон «Адолат» СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+